Жаҳон | 15:21
7594
13 дақиқада ўқилади

Украина армияси Қримга олиб борувчи трассани ўлим йўлига айлантирди

Бунинг барчаси янгича «ақлли» дронлар туфайли. Улар фронт чизиғидан 100 километр масофадаги ҳудудни ҳам хавф остида қолдирмоқда. РФ қуролли кучлари нима билан жавоб беради?

Трасса Р-280 «Новороссия» АвтоКлуб / Telegram

Қримда – ёқилғи инқирози юзага келди. Бунга Украина қуролли кучларининг бензин ташувчи машиналар ҳамда яриморолга Р-280 «Новороссия» трассаси орқали таъминот етказиб берувчи бошқа юк автомобилларига ҳужумларнинг янги тўлқини сабаб бўлди. Бир неча ой олдин ҳам бу йўл нисбатан хавфсиз йўналиш саналарди – аммо Украина армиясининг дронлар ишлаб чиқаришдаги ютуқлари вазиятни тезда ўзгартирди. Украина қуролли кучлари арсеналида ҳаракатдаги нишонларга ўзини ўзи йўналтирадиган америкача дронлар пайдо бўлди. Бундай дронлар қандай тузилишга эга? РФ қуролли кучлари нима учун ўз «ақлли» дронларини яратишда украин қўшинидан ортда қолмоқда (ва бунга Илон Маскнинг нима дахли бор)? Ва Россияда Қримга ёқилғи ва бошқа маҳсулотларни етказиб беришда фойдаланиш мумкин бўлган ягона йўлни ҳимоя қила оладиган воситалар борми? «Медуза» «Разбор» бўлими шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди.

Қримга олиб борувчи трасса бир неча ҳафта ичида Россия юк машиналари учун хавфли ҳудудга айланди. Аллақачон юзлаб машиналар зарбага учраган

Май ойининг иккинчи ярмида Украина қуролли кучлари Ростов областини аннексия қилинган Қрим билан боғловчи Р-280 «Новороссия» трассасида юк автомобилларига дронлар билан зарба беришни кескин кучайтирди. Мазкур ҳудуд фронт чизиғидан 100 километрдан ортиқ масофада жойлашган ва «ўрта фронторти» деб таснифланади. Украина қуролли кучлари илгари бундай ичкари ҳудудда ҳаракатдаги нишонларни йўқ қилиш учун қуролларга эга эмасди – аммо энди ҳафтасига юзлаб машиналарга зарба бера олмоқда.

Асосан бензин ташувчи автомобиллар (ҳам фуқаролик, ҳам ҳарбий) ва бошқа юк автомобиллари зарба остида қолмоқда. Уларнинг Қрим кўприги орқали ҳаракатланиши 2022 йил октябридаги портлашдан кейин чекланганди, шунинг учун Россиядан яриморолга Запорижжя ва Херсон областлари орқали янги қурилган йўл асосийси ва амалда муқобили йўқ.

Француз OSINT-тадқиқотчиси Клеман Моленнинг ҳисобларига кўра, ўтган ой давомида украин ҳарбийлари ва ҳайдовчилар томонидан олинган видеоларда тахминан 200 та машина ҳужумга учраганини кўриш мумкин; бу ёзувлардан 80 таси қаерда олинганини аниқлашга муваффақ бўлинган. Вазиятни янада яққолроқ кўрсатувчи факт: 20 майдан кейинги даврда камида 120 та юк машинаси зарба остида қолди. Ҳужумлар сонининг бундай ўсиши қисқа фурсатда Қримда ёқилғи инқирозига олиб келди. Бундан ташқари, Украина дронлари Херсон ва Запорижжя вилоятлари ҳамда Қримдаги темир йўл инфратузилмасига зарба бермоқда.

Украина мудофаа вазири Михаил Федоров май ойидаги кампанияни Россия қуролли кучларининг «логистик иҳоталаниши» деб атади. Бироқ, зарбалар айнан Россия ҳарбий логистикасига қанчалик таъсир қилгани ҳозирча аниқ эмас.

Украина жанубидаги босиб олинган ҳудудлар бўйлаб ўтадиган йўллар асосан «Днепр» гуруҳи (бу гуруҳ ҳозирда фронтнинг Днипро дарёсининг Херсон областида жанубидаги қуйилиш жойидан Запорижжя облатидаги Орихив райони ва машҳур Малая Токмачкагача чўзилган қисмини эгаллаб турибди) томонидан фойдаланилади. Илгари Днипро ёқалаб Запорижжя шаҳрига юриш қилган рус қўшини эндиликда мудофааланишига (айрим жойларда чекинишига) тўғри келмоқда. Аммо бу Украина қуролли кучлари РФ қуролли кучларининг «ўрта фронторти»га зарбаларни фаоллаштиришидан олдинроқ рўй берганди.

Шунингдек, мазкур ҳудуддаги Таганрог – Мариупол – Волноваха йўли орқали Днипропетровск ва Запорижжя областлари чегараси туташган ҳудудга ҳужум қилаётган «Восток» гуруҳига таъминот етказишда ҳам фойдаланилади. Ҳозирча бу гуруҳ логистикасида жиддий муаммолар сезилгани йўқ. РФ қуролли кучлари карвонларининг катта қисми иккинчи даражали йўллар бўйлаб ҳаракатланади, Украина қуролли кучлари бундай йўлларга ҳам зарбалар беради, аммо бу доим ҳам видеога тушмайди.

Ҳарбий логистика билан боғлиқ муаммолар ҳозирча ташқи томондан унчалик сезиларли бўлмаяпти (Украина жанубида ҳам, Донецк яқинида ҳам), аммо Қрим таъминоти сезиларли даражада бузилган. Бу нафақат бензин ташувчи ва юк машиналари жисмонан йўқ қилингани, балки ҳарбийлардан фарқли ўлароқ, оддий ҳайдовчилар ва юк машиналари эгалари зарба остидаги йўлдан юриш хавфини ўз зиммасига олишни истамаслиги билан ҳам боғлиқ.

Украина қуролли кучлари фронт чизиғидан узоқдаги нишонлар бўйлаб зарбалар сонини бу қадар кескин оширишни қандай уддалади?

Икки армия ҳам анчадан буён «ўрта фронторти»га зарба бериш технологияларини ишлаб чиқиш билан шуғулланиб келади. Бунда видео трансляцияси учун дрон билан кенг полосали икки томонлама алоқа керак.

Йил бошида бундай технологияларни жорий этишда Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги бўлинмаси – «Рубикон» нодавлат нотижорат ташкилоти етакчи эди. У Starlink космик алоқаси орқали бошқариладиган дронлар билан Украина қуролли кучларининг Покровск яқинидаги (Днипро-Покровск йўли) гуруҳининг асосий таъминот линиясига ҳафтасига ўнлаб зарбалар берди (Украина қуролли кучлари ҳозир Қримдаги нишонларга зарба бераётгани каби).

Украина қўмондонлиги хавфни бартараф этишнинг самарали йўлини ўйлаб топди. Улар SpaceX хўжайини Илон Маскка мурожаат қилиб, Россия зарбаларини Starlink’дан «ноқонуний фойдаланиш» деб атади. 
Натижада мамлакат ҳудудида Украина мудофаа вазирлигида рўйхатдан ўтказилган терминаллардан ташқари барча терминаллар ўчирилди. «Рубикон» ҳам ўнлаб ва юзлаб километрларга зарба бериш имкониятини вақтинча йўқотди. Шундан буён Россия қуролли кучлари космик алоқани Mesh-тармоғига алмаштиришга ҳаракат қилмоқда (уларда алоқа тугунлари ролини дрон-ретрансляторлар бажаради), аммо бу улар учун муаммони фақат қисман ҳал қилди.

Россиянинг контрабанда орқали олиб кирилган Starlink терминаллари ўчирилиши Украинанинг «ўрта фронт орти»га кучли зарбалар кампанияси бошланиши билан бир вақтга тўғри келди. Машина кўриш элементларига эга дронлар ишлаб чиқаришдаги ютуқлар Украина қуролли кучлари муваффақиятини таъминлади. Асосий инструмент – Google компанияси собиқ бош директори Эрик Шмидт томонидан ишлаб чиқарилган Hornet дрони, унинг Германия ва Украинадаги муқобил вариантлари баҳор бошидан фронтдан ўнлаб километр узоқликдаги, асосан Донецк яқинидаги объектларга учиб кела бошлади.

Масалан, фронт ортидаги Ҳорливка шаҳри кучли зарбалар остида қолди. Қўшни Торецкка ҳужум қилаётган Россия қуролли кучлари фронт чизиғини Ҳорливкадан узоқлаштириш ва уни хавфсиз базага айлантириш учун узоқ вақт кураш олиб борди. 2026 йилга келиб бу мақсадга эришилгандек кўринганди: Украина қўшинлари Торецк ва унинг атрофларидан сиқиб чиқарилди; Россия армияси шимолдаги Константиновкага олиб борадиган логистика йўлакларини эгаллаб олди.

Аммо кўп ўтмай Ҳорливкага яна Украина қуролли кучлари дронлари ҳужум қила бошлади – бу сафар самолёт типидаги автоном дронлар (парвознинг сўнгги қисмида икки томонлама видеоалоқа талаб этилади) билан. Катта эҳтимол билан, гап айнан Hornet (Россия томони уларни «Марсианин-2» деб атайди) ҳақида кетади. Қулаган дронларни ўрганган россиялик ҳарбийлар тасдиқлашича, машинавий кўриш кичик баландликдаги нишонни мўлжалга олиш босқичида ишга туширилади. Бунда нишонни Mesh тармоғи орқали дронни бошқарувчи оператор танлайди. Айнан кичик баландлик шароитида (дрон нишонга яқинлашганида), қоидага кўра, алоқа ёмонлашади: душман радиоэлектрон кураш воситаларини ишга туширгани учун ҳам, пастлашганда маҳаллий рельеф радиосигнал тарқатишга халал бериши туфайли ҳам.

Бир неча ҳафтадан сўнг, бундай дронлар Қримдаги шу пайтгача хавфсиз деб ҳисобланган йўлда ҳам юзлаб нишонларга ҳужум қила бошлади: бу йўлдан нафақат ёқилғи ташувчилар, балки Қрим кўпригини ишончсиз деб ҳисоблаган россиялик сайёҳлар ҳам фойдаланишарди.

Украинанинг юқори аниқликдаги дронлари кутилмаганда Россия қуролли кучларининг «ўрта фронторти» қисмига кўп миқдорда кириб келиши кучли пропаганда таъсирига эга бўлди: россиялик «ҳарбий мухбирлар», кўнгиллилар ва катта аудиторияга эга бўлган ва уруш тарафдори ҳисобланган Z-блогерлар айнан шу ҳудудда ҳаракатланишади. Уларнинг бир қисми йиллардан буён ўз ўқувчиларига Россия армияси коррупционер қўмондонларнинг қаршилигига қарамай курашни давом эттираётгани ҳақидаги ҳикояни ўтказиб келмоқда. Ва «Украина қуролли кучларининг ҳавода ҳукмронлиги» – бундай танқидчилар гуруҳи учун анъанавий мавзу.

РФ қуролли кучлари 2022–2023 йилларданоқ машинавий кўриш элементларига эга дронлардан фойдаланишга ҳаракат қилган. Хусусан, Россиянинг «Ланцет» дронлари нишонни автоном равишда мўлжалга олиш имконияти бор эди (бу уларнинг учиш масофасини узайтирган, аммо аниқлигини пасайтирган). Ўтган вақт мобайнида Россия армияси ва ҳарбий саноати сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришда давом этмоқда. Россия Федерацияси сунъий интеллект моделларини ишлаб чиқишда етакчилар қаторига кирмаслиги муҳим эмас: ҳарбийлар мавжуд Ғарб ва Хитой моделлари асосида ишчи инструментларни яратишга эътибор қаратмоқда. Шундай қилиб, Россия армиясининг технологик захираси ҳисобга олинса, у Hornet типидаги дронлардан фойдаланишда Украина қуролли кучларини қувиб етишга ва ортда қолдиришга ҳаракат қилади.

Россия Қримга олиб борадиган йўлни хавфли қилиб қўйган ҳужумлар тўлқинидан ўзини қандай ҳимоя қилиши мумкин?

Бошқа дронлардан ҳимояланишда бўлгани каби, пассив ва фаол қарши чоралар мавжуд.

Пассив ҳимояланишга жисмоний ҳимоя (масалан, йўллар устига тўрлар ўрнатиш) ва электр магнит спектрдаги ҳимоя (турли радио электрон кураш воситалари) киради.

  1. Биринчи усул жуда самарали бўлиши мумкин: Hornet типидаги дронлар яхши манёвр қила олмайди ва тўрлардаги тешиклардан ўта олмайди (фронт чизиғида ҳужум қилувчи кичик ҳажмли FPV дронлари эса кўпинча тўрлардан ясалган тўсиқлардан ўтиб кетади). Бироқ, Россия қуролли кучлари Мариуполдан Қримгача бўлган 300 километрдан ортиқ йўл устини қисқа муддатда тўр билан қоплаб чиқишини тасаввур қилиш қийин.
  2. Иккинчи вариантдаги муаммо шундаки, Hornet типидаги дронлар бир нечта алоқа тизимларига эга: сунъий йўлдош навигацияси, ретрансляторлар орқали радио сигнал, баъзан сунъий йўлдош алоқаси ва бошқарув.

Бундан ташқари, россиялик ҳарбийлар сунъий интеллектни, яъни душман дронларининг машина кўриш тизимларини ҳам алдашга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, «зебра» кўринишида бўялган юк машиналари суратлари пайдо бўлди. Катта эҳтимол билан, РФ қуролли кучлари қўмондонлиги зебралар йиртқичларни йўл-йўл ранг билан чалғитгани каби, бу ранглар билан Hornet’нинг йўналтириш тизимини ҳам йўлдан оғдириш мумкин деб ҳисобламоқда.

Фаол чоралар – яъни турли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари – агар улар ҳафтасига юзлаб дронлар ҳужумидан катта ҳудудни ҳимоя қилиши талаб этилмаса, самарали бўлиши мумкин эди. Ушбу хавфга қарши ишончли курашиш учун улкан кучлар керак бўлади: анъанавий қисқа масофали ҳаво мудофаа тизимлари, пулемётлар ва зенит қуроллари билан жиҳозланган мобил ўт очиш гуруҳлари, патрул вертолётлари ва энг самарали воситалар – дронлар билан дрон овловчи гуруҳлар. Бундай гуруҳлар ҳам нишонни мўлжалга олиш учун машинавий кўришдан фойдаланади.

Хабар қилишларича, «Рубикон» аллақачон «Елка» русумли дрон тутувчилар ва бошқа воситалар билан қуролланган шундай гуруҳларни фронт чизиғидан олиб, Таганрог – Қрим трассаси бўйлаб жойлаштирмоқда. Табиийки, бундай манёврлар фронтнинг ўзида ва «яқин фронторти»да (бу тўқнашув чизиғидан 10–15 километр масофадаги ҳудудлар бўлиб, бу жойларда РФ қуролли кучлари ўн минглаб дронларга қарши курашишига тўғри келади) дронларга қарши курашувчи гуруҳларни кучсизлантиради.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид