Жаҳон | 10:00
940
3 дақиқада ўқилади

Косовода бош вазир партияси сайловларда ғалаба қозонди

Косовода муддатидан аввал ўтказилган парламент сайловларида бош вазир Албин Курти раҳбарлик қилаётган «Ўз тақдирини ўзи белгилаш» партияси энг кўп овоз тўплаб, ғолиб чиқди. Бироқ янги ҳукуматни шакллантириш учун партияга коалициядошлар керак бўлади.

Фото: REUTERS

Расмий маълумотларга кўра, бюллетенларнинг 99,4 фоизи санаб чиқилганидан сўнг Албин Курти бошчилигидаги сиёсий куч 43 фоиз овоз тўплаган.

Иккинчи ўринни 21 фоиз овоз билан Косово Демократик партияси эгаллаган бўлса, Косово Демократик лигаси 18 фоиз натижа билан учинчи бўлди. «Косово келажаги учун альянс» эса қарийб 7 фоиз овоз тўплади.

Сайловларда иштирок этиш даражаси 37 фоиздан сал камроқни ташкил қилди.

Бу Косовода сўнгги бир ярим йил ичида ўтказилган учинчи парламент сайловидир. Мутахассислар фикрича, мамлакатда кузатилаётган сиёсий беқарорлик ва партиялар ўртасидаги келишмовчиликлар ҳукумат шакллантириш жараёнини мураккаблаштирмоқда.

Албин Курти партияси сайловда биринчи ўринни олган бўлса-да, парламентда мустақил кўпчиликни таъминлаш учун етарли ўринларга эга эмас. Шу сабабли ҳукумат тузиш учун бошқа сиёсий кучлар билан коалиция тузишга тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил декабрь ойида бўлиб ўтган аввалги сайловларда ҳам «Ўз тақдирини ўзи белгилаш» партияси 51,1 фоиз овоз билан ғолиб чиққан эди. Бироқ жорий йил апрель ойида парламент тарқатиб юборилди. Бунга сиёсий кучларнинг мамлакат президенти лавозимига номзод бўйича келиша олмагани сабаб бўлган.

Косово президенти асосан рамзий ва вакиллик ваколатларига эга бўлса-да, мазкур масала мамлакатдаги сиёсий инқирозни янада чуқурлаштирган.

Reuters агентлиги қайд этишича, Албин Курти ва унинг партияси ғарбга яқин сиёсат юритади. Косово Европа Иттифоқига аъзо бўлишни стратегик мақсад сифатида белгилаган. Брюссель эса Приштинадан барқарор давлат институтларини шакллантириш ва ислоҳотларни жадаллаштиришни талаб қилмоқда.

51 ёшли Албин Курти Косовонинг шимолида яшовчи серб озчилигига нисбатан қатъий сиёсат юритиши билан ҳам танилган. У ҳукумат назоратини серблар кўпчиликни ташкил этувчи ҳудудларга кенгайтириш тарафдори ҳисобланади.

Маълумки, Косово 2008 йилда Сербиядан мустақиллигини эълон қилган. Бироқ Сербия, Россия ҳамда Европа Иттифоқининг айрим давлатлари — Испания, Греция, Кипр, Словакия ва Руминия Косово мустақиллигини ҳанузгача тан олмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид