Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тўрт йил олдин хусусийлаштирилган ФНҚЗ яна давлат ихтиёрига қайтди
2022 йилнинг май ойида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги 100 фоиз давлат улуши 100 млн долларга «Саноат энергетика гуруҳи»га сотилганди. 2026 йилнинг июн ойи ҳолатига ФНҚЗ яна тўлиқ давлат ихтиёрига қайтарилган. Хусусийлаштириш битимининг қачон ва нима сабабдан бекор қилингани номаълум.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи яна тўлиқ давлат ихтиёрига қайтарилди. Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридаги маълумотларга кўра, 8 июн ҳолатига заводнинг 100 фоизлик эгаси сифатида Давлат активларини бошқариш агентлиги кўрсатилган.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг қачон ва нима сабабдан яна тўлиқ давлат мулкига айлангани номаълум. Kun.uz вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Давактив ахборот хизмати билан боғлана олмади. 2026 йилнинг 1 май ҳолатига кўра, ФНҚЗнинг 58,5 фоиз улуши Давактивга, 41,5 фоиз улуши эса Saneg’га тегишли бўлган.
ФНҚЗ хусусийлаштирилиши
2022 йилнинг май ойида «Саноат энергетика гуруҳи» МЧЖ (Saneg) ФНҚЗнинг 100 фоиз улушини айрим мажбуриятлар билан 100 млн долларга хусусийлаштириб олганди. Шундан кейин завод 2023 йилда 469,6 млрд сўм, 2024 йилда эса 220 млрд сўм соф фойда кўрган. Хусусийлаштириш битими тузилганидан кейин ҳам йиллар давомида ФНҚЗнинг 58,5 фоиз назорат пакети Давактив ихтиёрида қолаётганди. Бу келишилган пул давлатга тўлиқ тўланмагани билан изоҳланиб келинди. Битим қачон ёпилиши, тўлов яна неча йилга чўзилиши ҳақидаги Kun.uz саволларини Давлат активларини бошқариш агентлиги жавобсиз қолдирганди. Бу вақтда Saneg заводнинг бир қисмини 140 млн долларга сотишга ҳам эришди. Инвесторда қарзга олинган заводни қайта сотиш ҳуқуқи бўлган ёки бўлмагани маълум эмас.
2025 йилда соф фойда билан ишлаб келган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг молиявий ҳолати ёмонлашиб кетди. Хусусан, компания ўтган йилни 538,1 млрд сўм миқдоридаги соф зарар билан якунлаган. Йиллик тушум 2,3 трлндан 1,9 трлн сўмгача камайиб кетган. Молиявий натижаларнинг кескин ёмонлашиб кетиши валюта курслари фарқининг таъсири билан боғланган. Заводнинг узоқ муддатли қарзлари 3,2 трлндан 3,3 трлн сўмга кўпайган, қисқа муддатли қарзлар эса 1,2 трлн сўм даражасида сақланиб қолган.
Мавзуга оид
11:37 / 08.08.2025
ФНҚЗ ходимлари икки ойдан бери ойликсиз ишлаётганини айтишяпти
18:28 / 21.08.2024
ФНҚЗни 100 млн долларга хусусийлаштириб олган Saneg унинг бир қисмини 140 млн долларга сотди
17:19 / 08.06.2024
Saneg ФНҚЗ хариди учун тўлов масаласига изоҳ берди
10:00 / 20.11.2020