Иқтисодиёт | 18:28 / 21.08.2024
13228
4 дақиқада ўқилади

ФНҚЗни 100 млн долларга хусусийлаштириб олган Saneg унинг бир қисмини 140 млн долларга сотди

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг бир қисм активлари 140 млн доллар эвазига Saneg'дан Air Products ихтиёрига ўтади. Ўзбекистон ҳукумати бу заводни икки йил олдин Saneg'га 100 млн долларга сотганди. Бугунги кунда ҳам корхонадаги улушларнинг назорат пакети Давактивда қолмоқда, аввалроқ агентлик буни 100 млн долларлик тўлов ҳали тўлиқ тўланмагани билан изоҳлаганди.

Air Products бошқаруви раиси, президенти ва бош директори Сейфи Гасеми ва Saneg асосчиси Бахтиёр Фозилов / Фото: Saneg матбуот хизмати

Saneg компанияси Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи активларининг бир қисми Air Products компаниясига сотаётганини маълум қилди. Битим қиймати – 140 миллион доллар.

Saneg бу заводни 2 йил аввал 380 млн доллар инвестиция киритиш шарти билан, 100 млн долларга хусусийлаштириб олган эди.

Компания ахборотига кўра, активларнинг бир қисми Air Products'га ўтиши билан, заводда водород ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

“Водород етказиб бериш бўйича жаҳоннинг етакчи Air Products компанияси бугун Фарғона НҚИЗда ушбу турдаги хомашёни ишлаб чиқариш бўйича Saneg активларини сотиб олишга қарор қилганини маълум қилди.

Ушбу стратегик келишув корхонани модернизация қилишнинг глобал жараёнига мувофиқ келиб, унинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва мақбуллаштиришда муҳим қадам ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, лойиҳа Ўзбекистоннинг саноат бозорларида водороддан тижорат мақсадларида кенгроқ фойдаланиш учун имконият эшикларини очади”, дейилади хабарда.

Saneg ахборотида ФНҚЗнинг қанча миқдордаги улуши Air Products ихтиёрига ўтаётганига аниқлик киритилмаган. Битим 2024 йил 4-чорагида ёпилиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, олди-сотди метанни буғ билан риформинг қилиш қурилмасини (SMR) ўз ичига олади, қурилма 100 фоизли табиий газни ҳам, суюлтирилган газни ҳам қайта ишлашга қодир. Бу активлар, Air Products томонидан 2021 йилдаги келишув асосида етказиб берилган иккита ўзгарувчан босимли адсорбсия қурилмалари (PSA) билан биргаликда, водород ишлаб чиқариш базасини таъминлаб беради.

ФНҚЗнинг хусусийлаштирилиши

Saneg компанияси (собиқ Jizzakh Petroleum, Саноат энергетика гуруҳи) Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг улушларига 2 йилдан буён эгалик қилиб келмоқда.

2022 йилнинг 22 май куни Давлат активларини бошқариш агентлиги заводнинг 100 фоиз улуши 100 млн долларга “Саноат Энергетика Гуруҳи” МЧЖга сотилганини эълон қилганди.

2024 йилнинг 21 август ҳолатига кўра, заводнинг 58,5 фоиз улуши Давактивга, 41,5 фоиз улуши эса Saneg'га тегишли. Яъни ФНҚЗнинг тўлиқ улуши айни вақтга қадар ҳам Saneg ихтиёрига ўтмаган.

Олдинроқ, бу ҳолатни Давактив белгиланган тўловнинг тўлиқ тўланмаганлиги билан изоҳлаганди. Ўз навбатида, компания қолган тўловни графикка асосан тўлашини билдирган.

Хусусийлаштириш битими доирасида Saneg'га қуйидаги мажбуриятлар юклатилган:

  • заводни модернизация қилиш орқали замонавий ва экологик тоза бензин, Евро-5 талабларига жавоб берадиган дизел ёқилғиси, Жет а-1 реактив ёқилғиси ва суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш;
  • нефт агрегатларини модернизация қилиш, шунингдек, ишлаб чиқариш қувватини камида 2 млн тоннага ошириш;
  • юқоридаги мақсадлар учун 380 млн доллардан ортиқ инвестиция киритиш (Saneg июл ойида Kun.uz'га берган изоҳида шу пайтгача 250 млн доллардан ортиқ инвестиция киритганини билдирганди).

Маълумот учун, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг соф фойдаси 2022 йилда 19,3 млрд сўмни, 2023 йилда 469,6 млрд сўмни, 2024 йилнинг I чорагида эса 68,4 млрд сўмни ташкил этган.

Завод жорий йилнинг II чорагида 96 млрд сўм зарар кўрган.

Мавзуга оид