Технология | 11:30
857
2 дақиқада ўқилади

Янги Siri: Apple сунъий интеллект пойгасига жиддий қўшилди

Apple WWDC 2026 конференциясида сунъий интеллект технологиялари асосида янгиланган Siri AI виртуал ёрдамчисини тақдим қилди. Компаниянинг таъкидлашича, янги авлод Siri аввалгисига нисбатан анча ақлли, шахсийлаштирилган ва кенг имкониятларга эга бўлади.

Фото: Apple

Apple компанияси ҳар йили ўтказиладиган Worldwide Developers Conference (WWDC) тадбирида Apple Intelligence платформасининг янги авлодини ва Siri AI деб номланган янгиланган виртуал ёрдамчини намойиш этди.

Компания маълумотига кўра, Siri AI iPhone, iPad, Mac, Apple Watch ва Apple Vision Pro қурилмаларига чуқур интеграция қилинади. Янги тизим фойдаланувчининг шахсий маълумотлари, хатлари, электрон почтаси, фотосуратлари ва бошқа контентларини таҳлил қилиб, контекстга мос жавоблар бериш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, Siri AI экранда кўринаётган маълумотларни тушуниш, турли дастурлар ўртасида вазифаларни бажариш ва интернетдан долзарб маълумотларни топиб бериш имкониятларини ҳам қўллаб-қувватлайди.

Apple вакилларининг таъкидлашича, янги архитектура фойдаланувчилар махфийлигини сақлашга қаратилган бўлиб, сунъий интеллект ҳисоб-китобларининг катта қисми қурилманинг ўзида амалга оширилади.

Янгиланган Siri алоҳида иловага ҳам эга бўлади. У чатбот услубида мулоқот қилиш, суҳбат тарихини синхронлаштириш ва турли Apple қурилмалари ўртасида узлуксиз ишлаш имкониятини тақдим этади.

Экспертлар фикрича, Siri AI Appleʼнинг сунъий интеллект соҳасидаги энг муҳим янгиланишларидан бири ҳисобланади. Компания ушбу маҳсулот орқали ChatGPT, Gemini ва бошқа замонавий AI ёрдамчиларига рақобатчи бўлишни мақсад қилмоқда.

Apple маълум қилишича, Siri AI дастлаб инглиз тилида ишлайди ва жорий йил охирида бета-синов босқичида фойдаланувчиларга тақдим этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид