Жаҳон | 14:21
2895
2 дақиқада ўқилади

22 давлат Эронни ўз ҳудудидаги ҳужумларда айблади

АҚШ ва қатор Европа давлатлари ҳамда уларнинг иттифоқчилари Эронни ўз ҳудудларида қотиллик, ўғирлаш, таъқиб ва қўрқитиш каби ҳаракатларни ташкил этишда айблаб, Теҳрондан бундай амалиётларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилди.

Фото: REUTERS

22 давлат томонидан имзоланган қўшма баёнот 11 июнь куни эълон қилинди. Унда Эроннинг бошқа давлатлар ҳудудида амалга оширилаётган операциялари миллий суверенитет ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига таҳдид солаётгани таъкидланган.

Баёнот муаллифлари қаторида Германия, Буюк Британия, Франция, Канада, Австралия, АҚШ, Нидерландия, Швеция, Норвегия, Бельгия, Дания, Финляндия ва бошқа давлатлар бор.

Қўшма мурожаатда Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳамда унинг хорижий операциялар учун масъул бўлган «Ал-Қудс» бўлинмаси эронлик мухолифатчилар, журналистлар ва яҳудий жамоаларига қарши турли хил ҳужумлар ва яширин операциялар билан шуғулланаётгани қайд этилган.

Шунингдек, Европа бўйлаб содир этилган қатор ҳужумлар Эрон билан алоқадор деб ҳисобланаётган гуруҳ фаолияти билан боғланмоқда. Мазкур ташкилот аввалроқ Буюк Британия, Бельгия ва Нидерландиядаги яҳудий жамоаларига қарши ҳужумлар ҳамда синагогаларга ўт қўйиш ҳолатлари учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Баёнот муаллифлари Эронни бошқа давлатлар ҳудудидаги ҳар қандай зўравонлик, таъқиб ва махфий операцияларга чек қўйишга чақириб, бундай ҳаракатлар халқаро муносабатларда қабул қилиб бўлмайдиган амалиёт эканини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид