Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трампнинг таҳдиди ортидан АҚШ Эрон бўйлаб янги зарбалар йўллади
Бунга жавобан Эрон Американинг минтақадаги базаларига ҳужум қилди.
Америкалик ҳарбийлар Эрон ҳудудидаги нишонлар бўйлаб зарбаларнинг янги сериясини амалга оширди, деб хабар берди АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM).
«АҚШ Марказий қўмондонлиги кучлари бош қўмондон кўрсатмасига биноан ўзини ҳимоя қилиш мақсадида Эрондаги бир нечта нишонларга қўшимча зарбалар беришни бошлади. Бу зарбалар Эроннинг асоссиз ва давом этаётган тажовузига жавоб ҳисобланади», – дея қайд этган қўмондонлик.
ОАВ Эроннинг камида олтита ҳудудидаги портлашлар ҳақида хабар берган.
Axios портали маълумотига кўра, ҳужумга учраган барча нишонлар Эрон жанубида жойлашган бўлиб, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, радарлар ҳамда дронларни бошқариш бўлинмаларига ҳужум қилинган.
Бироз ўтиб CENTCOM Эрондаги нишонлар бўйлаб янги зарбалар якунлангани ҳақида маълум қилди.
Бунга жавобан Эрон Американинг Баҳрайн ва Кувайтдаги базаларига ҳужум қилганини маълум қилди – бу объектлар Эроннинг бир кун олдинги жавоб зарбаларига ҳам нишон бўлганди.
«Ислом инқилоби муҳофизлари Ҳаво-космик кучлари ва Ҳарбий-денгиз кучлари Американинг Ал-Салом, Аҳмад ал-Жобир ва Шайх Исо авиабазаларида 18 та асосий ҳарбий нишонларига зарба бериб, йўқ қилди», – дея хабар берган Press TV телеканали.
Хабар қилишларича, АҚШнинг Баҳрайндаги базасида «Patriot тизимларининг радиолокацион воситалари ва алоқа антенналари»га ҳужум қилинган.
Шунингдек, АҚШнинг янги ҳужумларига жавобан Эрон Ҳўрмуз бўғозидан ўтишга уринган барча кемалар, жумладан, нефт танкерлари ва савдо кемаларига ҳужум қилиниши ҳақида огоҳлантирди.
Авиазарбаларнинг янги тўлқини бошланганидан кўп ўтмай, Эрон давлат оммавий ахборот воситалари ҳарбийларга таяниб, Эрон Ҳўрмуз бўғозидан ўтишга уринаётган иккита тижорат кемасига, шунингдек АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг бўғоз яқинидаги кемаларига зарба берганини хабар қилди.
Форс кўрфазидаги Кешм оролида ҳамда бир қанча шаҳарларда портлаш овозлари эшитилган.
Аммо АҚШ Марказий қўмондонлиги Ҳўрмуз бўғозида Америка ҳарбий кемаларига ҳужум қилингани ҳақидаги хабарларни рад этди.
«Кемаларнинг бирортасига зарба берилмаган», – дея қайд этган CENTCOM ва Эрон нашрлари хабарларини «ёлғон» деб атаган.
Америка ҳарбий қўмондонлиги Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг Ҳўрмуз бўғози ёпилгани ҳақидаги хабарини ҳам рад этган.
«Тижорат кемалари бугун тунда ҳам Ҳўрмуз бўғози орқали кириб-чиқиши давом этмоқда», – дейилади CENTCOM хабарида.
Бир кун олдинги зарбалар алмашинувидан сўнг, АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга яна «кучли зарба» беришга ваъда берганди.

Чоршанбага ўтар кечаси ҳам АҚШ Эронга зарбалар берганди – Трамп буни Эрон Ҳўрмуз бўғози устида Америка вертолётини уриб туширганига жавоб сифатида изоҳлаганди. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бунга жавобан Американинг минтақадаги ҳарбий базаларидаги нишонларга зарба берилганини маълум қилди.
Чоршанба куни Трамп ўзининг ижтимоий тармоғида шундай деб ёзди: «Улар ўзлари учун ажойиб бўлиши мумкин бўлган келишув бўйича музокараларни жуда чўзишди ва энди бунинг учун жавоб беришлари керак!!!» Бундан ташқари, Трамп яна бир марта Эрон ҳарбий жиҳатдан тўлиқ мағлубиятга учраганини айтди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий АҚШни «ўзининг бир-бирига зид баёнотлари, позициялари ва талабларини доимий равишда ўзгартириши ва энг ёмони, сулҳни доимий равишда бузиши» билан музокаралар жараёнига зарар етказишда айблади.
Бақоийнинг сўзларига кўра, Эрон ҳозирда янги вазиятни баҳоламоқда ва шу билан бирга, музокаралар учун ҳеч бўлмаганда минимал барқарорлик керак деб ҳисоблайди.
Эроннинг жавоби ва АҚШнинг танкерга зарбаси
Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ўтган тунда Американинг Баҳрайн ва Иорданиядаги базаларида 21 та нишонга ракета ва дронлар учирганини маълум қилди. Кувайт армияси ҳам Эрон ҳужумини қайтаришига тўғри келгани ҳақида хабар берган.
Кейинроқ Reuters агентлиги америкалик аноним расмийга таяниб хабар беришича, Эроннинг деярли барча ракеталари тутиб қолинган, жабрланганлар йўқ.
Трампнинг сўзларига кўра, Америка ҳарбийларининг Apache русумли вертолёти пастлаб учаётганида дронга урилиш оқибатида қулаган.
Apache учувчилари сувдан чиқариб олинган ва бошқа вертолёт орқали эвакуация қилинган.
Бу вақтда Ҳиндистон расмийлари чоршанба куни Ўмон қирғоқлари яқинида Палау байроғи остида сузаётган Settebello савдо кемасига берилган зарба натижасида кема экипажининг икки нафар ҳиндистонлик аъзоси бедарак йўқолгани, қолган 21 нафари эса қутқарилганини маълум қилди.
АҚШ ҳарбийлари аввалроқ танкер блокадани ёриб ўтиб, Эрондан нефт олиб чиқишга уринаётгани учун унга зарба берганини маълум қилган. Ҳарбийларга кўра, Settebello уларнинг буйруқларига бўйсунишдан бош тортган ва Америка самолёти кеманинг машина бўлимига «юқори аниқликдаги ўқ-дорилар» билан ўқ узган.
Март ойи бошида АҚШ ва Исроилнинг зарбаларига жавобан Эрон Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўйгач, АҚШ Эрон портларини блокада қилганди.
Settebello америкалик ҳарбийлар томонидан ўққа тутилган саккизинчи кема бўлди.
Мавзуга оид
14:21
22 давлат Эронни ўз ҳудудидаги ҳужумларда айблади
21:50 / 10.06.2026
Эроннинг ядро бомбаси яратиш имконияти қандай?
20:05 / 10.06.2026
Кўринмас фронт: Исроил ва Эроннинг кибер уруши
09:59 / 10.06.2026