Жаҳон | 09:35
1032
3 дақиқада ўқилади

МАКС авиакосмик кўргазмаси яна бир йилга қолдирилди

Россия ҳукумати Москва вилоятида анъанавий равишда ўтказиб келинган Халқаро авиация ва космонавтика салони — МАКСни 2026 йилги расмий кўргазмалар рўйхатидан чиқарди. Шу тариқа, мамлакатнинг энг йирик авиация тадбирларидан бири яна бир йилга қолдирилиб, 2027 йилда ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Фото: AP

Тегишли қарор Россия ҳукуматининг ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди. Ҳужжатга кўра, Москва вилоятининг Жуковский шаҳрида ташкил этиладиган МАКС авиасалони келаси йил эмас, балки 2027 йилда ўтказилади. Қарор сабаблари расман изоҳланмаган.

Шу билан бирга, ҳукумат қарорида бошқа авиация тадбирларининг ҳам муддатлари белгиланган. Жумладан, «Гидроавиасалон» илмий-амалий конференцияси 2027 йил сентябр ойида Геленжик шаҳрида, «Халқаро вертолёт техникаси ва авиация тизимлари салони» эса 2027 йил май-июн ойларида Қозонда ўтказилиши режалаштирилган.

Сўнгги тўлиқ форматдаги салон 2021 йилда бўлиб ўтган

МАКС авиасалони 1993 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинарди ва Россиянинг авиация ҳамда космик саноат соҳасидаги энг йирик кўргазмаларидан бири ҳисобланади.

Салоннинг сўнгги анъанавий формати 2021 йилда ташкил этилган. Кейинги йилларда тадбир офлайн тарзда ўтказилмади. Хусусан, 2024 ва 2025 йилларда кўргазма онлайн форматда ташкил қилиниб, авиация техникаси намойишлари ва тақдимотлар махсус видеороликлар орқали тақдим этилди.

2025 йил июл ойида Россия бош вазири Михаил Мишустин МАКС авиасалонини 2026–2027 йилларда ўтказиш ҳақидаги қарорни имзолаган эди. Аммо энди тадбирнинг 2026 йилги қисми бекор қилинди.

Россияда оммавий тадбирлар ҳам кўчирилмоқда

МАКС авиасалонининг қолдирилиши мамлакатдаги бошқа йирик оммавий тадбирлар тақдири билан ҳамоҳанг кечмоқда.

Хусусан, Москвада 12 июн — Россия кунига бағишлаб Қизил майдонда ўтказилиши режалаштирилган анъанавий концерт ҳам бекор қилинди. Тадбир бошқа майдонга — Моссовет номидаги маданият марказига кўчирилган.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, Қизил майдондаги байрам концерти 2003 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинган. У ҳатто 2020 йилдаги коронавирус пандемияси даврида ҳам бекор қилинмаган эди.

Хавфсизлик омиллари тилга олинмоқда

Россия нашрлари ва халқаро оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, сўнгги қарорларга хавфсизлик билан боғлиқ омиллар таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

The Moscow Times нашрининг ёзишича, Россия Мудофаа вазирлиги баъзи оммавий тадбирларнинг кўчирилишини «жорий оператив вазият» билан изоҳлаган. Кремл вакиллари эса Украина томонидан эҳтимолий хавф-хатарлар мавжудлигини билдирган.

Сўнгги ҳафталарда Москва ва Москва вилоятига учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумлари сони кўпайгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Шу тариқа, бир вақтлар Россия авиация саноатининг асосий намойиш майдони ҳисобланган МАКС авиасалони кетма-кет иккинчи йил ҳам тўлиқ форматда ўтказилмайдиган бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид