Ўзбекистон | 10:50
773
2 дақиқада ўқилади

Самарқанднинг олис туманларига инвестициялар жалб этилади

Самарқанд вилоятининг олис ва чекка ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш мақсадида янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Бу борада президентнинг тегишли қарори қабул қилиниб, қишлоқ хўжалиги, наслчилик ва озиқ-овқат хавфсизлигига қаратилган қатор ташаббуслар белгиланди.

“Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорига мувофиқ, бир қатор туманларда йирик инвестиция ва аграр лойиҳалар амалга оширилади.

Жумладан, 2026 йил 1 августга қадар Оқдарё туманида 100 гектар майдонга мини-туганак экилиб, натижада олинадиган 4 минг тонна супер-супер элита картошка уруғи белгиланган тартибда деҳқон хўжаликларига бепул тарқатилади.

Булунғур туманида Хитой компаниялари билан ҳамкорликда қиймати 50 миллион АҚШ долларига тенг бўлган, йилига 100 минг бош қувватга эга наслчилик корхонасини ишга тушириш режалаштирилган.

Шунингдек, Оқдарё, Қўшработ ва Самарқанд туманларида Нидерландия инвесторлари иштирокида умумий қиймати 20 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади. У доирада йилига 800 минг дона наслли жўжа ишлаб чиқариш қувватига эга корхона фаолият бошлайди.

Қарорга кўра, Пахтачи туманидаги сув таъминоти мураккаб бўлган Қиргули маҳалласи ҳудудида ҳам янги агролойиҳа йўлга қўйилади. Хусусан, 28,6 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими асосида писта ва бодом плантациялари ташкил этилади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур чора-тадбирлар Самарқанд вилоятининг чекка ҳудудларида инвестициявий фаолликни ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид