Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Европа ҳудудидан авиаташувчи ва сувости кемасини олиб чиқади
АҚШ Европа ҳудудидаги НАТО операциялари учун ажратилаётган ҳарбий техника ва кучлар ҳажмини сезиларли даражада қисқартиришни режалаштирмоқда. The New York Times маълумотига кўра, Вашингтон қирувчи самолётлар сонини қарийб учдан бир қисмга камайтиради, шунингдек, авиаташувчи ва сувости кемасини ҳам алянс тасарруфидан чиқаради.
The New York Times нашрининг ёзишича, АҚШ Европа ҳудудида НАТО операцияларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган жанговар самолётлар ва ҳарбий кемалар сонини қисқартириш ниятида. Нашр бу ҳақда икки нафар юқори лавозимли европалик манбага таяниб хабар берган.
Маълум қилинишича, мазкур режа НАТОнинг узоқ масофага зарба бериш ва разведка имкониятларини чеклаши мумкин. Европа давлатларига ушбу режа июн ойи бошида ёзма ҳужжат кўринишида тақдим этилган.
Ҳужжатга кўра, АҚШ НАТО ихтиёрига берилаётган F-16 ва F-15E русумли қирувчи самолётлар сонини ҳозирги тахминан 150 тадан 100 тагача қисқартиришни режалаштирмоқда. Шунингдек, денгиз разведка самолётлари сони 26 тадан 15 тага туширилади.
Бундан ташқари, Европа ҳудудидан барча ҳавода ёнилғи қуйиш самолётлари чиқариб кетилади. Ракета ташувчи сувости кемаси, авиаташувчи, бир қатор ҳарбий кемалар ҳамда авиаташиш миссияларида иштирок этаётган ўнлаб самолётлар бошқа ҳудудларга кўчирилади.
Нашр манбаларига кўра, бу жараён Европа иттифоқчилари кутганидан анча эрта бошланиши мумкин.
Аввалроқ Германиянинг Die Welt нашри ҳам АҚШ НАТОга махфий ҳужжат тақдим этганини хабар қилган эди. Унда Америка ҳарбий ҳузурини қисқартиришга оид 11 та банд мавжуд бўлиб, асосий эътибор Вашингтоннинг Тинч океани минтақасига йўналтирилаётгани қайд этилган.
Пентагон НАТОдаги иштирокини қайта кўриб чиқмоқда
Der Spiegel журнали маълумотларига кўра, Пентагон раҳбари Пит Ҳегсетнинг НАТОдаги вакили алянс давлатлари расмийларига АҚШ келгусида НАТО учун камроқ ҳарбий ресурс ажратишини маълум қилган.
Жумладан, қирувчи самолётлар, ҳарбий кемалар, дронлар, ҳавода ёнилғи қуйиш самолётлари ва стратегик бомбардимончилар сони қисқартирилиши режалаштирилган.
Ҳозиргача НАТО ҳарбий салоҳиятининг қарийб ярми АҚШ ҳиссасига тўғри келар эди. Энди Вашингтон Европа давлатларидан қисқартирадиган йўналишларда ўз ўрнини босиш бўйича таклифлар кутаётгани айтилмоқда.
АҚШ Европадаги ҳарбий контингентини ҳам қисқартирмоқда
Май ойида Пентагон Европа ҳудудида жойлашган тўртта жанговар бригада гуруҳидан бирини олиб чиқишини маълум қилган эди.
Бу қарордан кейин АҚШ ҳарбийлари сони Европа минтақасида 2021 йил даражасигача камаяди. Сўнгги йилларда АҚШ Европада тахминан 100 минг нафар ҳарбий хизматчини сақлаб келаётган бўлиб, уларнинг 65 мингдан ортиғи доимий асосда хизмат қилган.