Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Канада ЖЧ тарихидаги илк очкосини қўлга киритди
Турнирдаги илк дуранг қайд этилди.
Мексика ортидан жаҳон чемпионатининг яна бир мезбони турнирдаги илк ўйинини ўтказди. Аммо Канаданинг ўйини у қадар муваффақиятли чиқмади – Торонтода Босния ва Ҳерцеговинага қарши ўйин дуранг ҳисоб билан якунланди. Мезбонлар иккинчи бўлимда амаллаб мағлубиятдан қутулиб қолишди.
Канада – Босния ва Ҳерцеговина 1:1
Голлар: Лукич, 21 (0:1). Ларин, 78 (1:1)
Канада: Крепо, Де Фужерол, Корнелиус, Ларея, Жонстон, Эуштакиу (Осорио, 90+1), Коне, Миллар (Аҳмад, 61), Бюкенен (Шаффелберг, 61), Ж. Дэвид (П. Дэвид, 61), Олувасейи (Ларин, 76)
Босния ва Ҳерцеговина: Васил, Муҳаремович, Катич, Колашинац (Бурнич, 83), Дедич, Таҳирович, Башич (Гигович, 61), Мемич (Шунич, 74), Байрактаревич (Алайбегович, 74), Демирович, Лукич (Баждар, 61)
Огоҳлантиришлар: Жонстон, 12. Де Фужерол, 53 – Демирович, 44. Лукич, 45. Катич, 90
Босния ва Ҳерцеговина таркибида кутилмаганда жамоа етакчиси ва рамзи – 40 ёшли Жеко захира ўриндиғида қолдирилди. Шу тариқа, икки жамоа ҳам ўзининг асосий юлдузларисиз ўйнайдиган бўлди. Канадаликлар сафида «Бавария» ҳимоячиси Дэвис ҳам йўқ эди, у жароҳатидан ҳали бутунлай фориғ бўлмаган.
Ўйин бошлангани ҳақидаги ҳуштак чалиниши билан Канада олдинга ташланди, аммо илк голли вазият Босния ва Ҳерцеговинада юзага келди. Сергей Барбарез шогирдлари стандарт вазият орқали йўлланган илк зарбасини голга айлантириши мумкин эди. Крепо қўриқлаётган дарвоза қаршисида Мемич тўпга барчадан олдин улгурди, аммо унинг зарбаси дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди. Умуман олганда, ўйиннинг дастлабки қисми боснияликлар устунлигида ўтди. Жамоа 4-4-2 схемасида ҳаракатланган бўлса-да, тўпни тезкорлик билан олдинги чизиққа етказиб берди ва европаликлар яккакурашларда ҳам яхшироқ ҳаракатланишди. Канадаликлар эса ўйиндаги илк зарбасини фақат 17-дақиқага келиб йўллади, аммо Дэвид 12 метр масофадан туриб тепган тўп дарвозабон Василнинг қўлига бориб тушди.
Боснияликлар стандарт вазиятлардан хавф туғдиришда давом этди ва биринчи бўлим ўрталарида навбатдаги бурчак зарбаси ҳисоб очилишига олиб келди. Тўп аввалига яқин устун олдига етказилди, у ерда турган Колашинац тўпни марказга оширди, Лукич эса тўп учун курашда ҳимоячидан илдамроқ ҳаракатланди ва терма жамоадаги илк голини нишонлади.
Ҳисобда олдинга чиқиб олгач Босния ва Ҳерцеговина жамоаси чуқур ҳимояга ётди. Канада бу деворни бузиб ўтишга қийналди. Мезбонлар биринчи бўлим давомида дарвоза соҳасига тўғри борган атиги битта зарба йўллади, xG бўйича кўрсаткич 0,64 кўринишини олди. Жамоа ўн марта бурчак тўпи ишлади, аммо боснияликлар иккинчи қаватда барча тўпларни ютиб олишди.
Марш шогирдлари танаффусдан бутунлай бошқача бўлиб қайтишди. Жамоанинг комбинациялари ниҳоят ўхшай бошлади ва ҳисоб тенглашиши вақт масаласи бўлиб қолди. Канадаликлар кўпчилик бўлиб рақиб жарима майдонига кириб боришди ва Ларя дарвозабонга ҳеч қандай имкон қолдирмай зарба берди, аммо Колашинац дарвоза тўрига кириб кетаётган тўпни қайтариб қолиб, мундиалнинг энг ёрқи сейвини амалга оширди.

Бунга жавобан ўтказилган қарши ҳужумда Демирович яккама-якка вазиятга чиқиб борди, аммо вазиятни кўкка совурди. Форвард тўпни ўзидан бироз узоқлаштириб юборди ва олдинга чиқиб келган Крепо хавфни бартараф этишга улгурди.
Ўйиннинг бир соати ортда қолаётганида Марш ҳужум чизиғини тўлиқ алмаштириб, «Ювентус» ҳужумчиси Дэвид, «Вилярреал» вингери Бюкенен ва «Ҳалл Сити» вингери Милларни захирага олди. Бироз ўтиб у жамоанинг яна бир форварди, «Вилярреал» ҳужумчиси Олувасейини ҳам алмаштириб ташлади.
Марш унинг ўрнига майдонга тажрибали ҳужумчиси Ларинни ташлади – «Саутҳемптон» аъзоси дарҳол гол урди. Бу ҳужумни қанотдан марказга кўчиб ҳаракатланган Коне бошлаб берди, Промиснинг нозик узатмаси эса ушбу ҳужумнинг безагига айланди. Ларин боснияликларнинг тажрибали ҳимоячиси Мухаремовични доғда қолдирди, қолаверса унга рикошет ёрдам берди.
Ўйин охирида канадаликлар ўз мухлислари қаршисида ғалабани илиб кетишга ҳаракат қилишди, аммо боснияликлар барча ҳужумларни қайтаришди ва стратегик дурангни сақлаб қолишди. Ўйиннинг якуний статистикаси Канаданинг кичик устунлигини кўрсатди: зарбалар – 13:8 (дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар – 4:3), xG – 1,24 га қарши 0,94.
Бу канадаликларнинг мундиалда қўлга киритган илк очкоси бўлди. Канада бунга қадар 1986 ва 2022 йилги мундиалларда қатнашган, аммо гуруҳ босқичидаги барча 6 ўйинида ютқазганди.
Энди 2-турда Босния ва Ҳерцеговина Швейцария билан (18 июн), Канада – Қатар билан (19 июнга ўтар кечаси) ўйнайди.
Мавзуга оид
23:45 / 12.06.2026
ЖЧ бошланди: Раул гол урди, Эронни сиқишмоқда
20:23 / 12.06.2026
D гуруҳи таништируви. Мезбон АҚШ кимлар билан ўйнайди?
16:40 / 12.06.2026
Мундиал таништируви. B гуруҳи ҳақида нималарни билиш керак?
16:34 / 12.06.2026