Ўзбекистон | 19:05
5017
2 дақиқада ўқилади

Иссиқ ҳафтада жала ҳам кутилмоқда

15–21 июн кунлари кутилаётган иссиқ ҳаво, кучли жала ва шамолли кунлар қишлоқ хўжалиги учун бир вақтнинг ўзида имконият ва хавфларни келтириб чиқаради. Айниқса пахта, сабзавот, боғдорчилик ва чорвачилик соҳалари учун ҳудудларга қараб турлича таъсирлар юзага келади.

Ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво билан иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов таништиради.

Ҳафта бошида жануб ва чўл ҳудудларида +40...+42 даражагача етадиган иссиқ ҳарорат ғўза ва бошоқли экинларда намлик танқислигини кучайтириши мумкин. Бу пайтда суғоришни эрталабга ёки кечки пайтларга режалаштириш мақсадга мувофиқдир.

Ҳафта ўртасидан республиканинг бир қатор ҳудудларида кутилган момақалдироқли жала ёғинлар тупроқ намлигини тўлдириши ва пахта ҳамда сабзавот экинлари ривожланиши учун ижобий омил бўлиши мумкин. Бироқ айрим тоғ ва тоғолди туманларда кучли жала ёғинлар сел ҳодисасини келтириб чиқариши мумкин, бу эса тупроқ ювилиши ва боғдорчилик хўжаликларига зарар етказиш хавфини ҳам оширади.

Кучли шамол ва чанг тўзонлари кузатилиши мумкин бўлган ҳудудларда ёш кўчатларни, полиз экинларини ҳамда иссиқхоналарни эҳтиёт қилиш лозим бўлади.  

Умуман олганда, жорий ҳафта қишлоқ хўжалиги учун ёз мавсумига хос мураккаб, аммо намлик захираларини тўлдириш нуқтаи назаридан айрим ҳудудларда фойдали ҳафта бўлиши кутилмоқда. Айниқса ёғинлар яхши тақсимланган жойларда суғориш сувига бўлган талаб вақтинча камайиши мумкин.

Шокир Шарипов
Тайёрлаган Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид