Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кучли ёғингарчилик туфайли Россия ҳудудларини сув босди – фотолар
Новгород областида минглаб кишилар электр таъминотисиз қолган. Москвадаги Ленинград вокзалига сув кириб кетган. Краснодарда болалар ёмғирдан кейин пайдо бўлган кўлмакларда чўмиляпти. Челябинскдаги коммунал хизматлар ишчилари кўчалардан сув оқизиб кетган автомобил рақамларини изламоқда.
Ўтган дам олиш кунлари Россиянинг бир неча регионларида кучли ёмғир ёғди. Москванинг айрим районларида ойлик меъёрнинг деярли ярми тушиб улгурган, довул оқибатида дарахтлар қулаган, Янги Арбат, Кутузовский проспекти ва бошқа кўчаларни, шунингдек, ер ости автотураргоҳларини ҳамда Ленинград вокзали биносини сув босган. ОАВнинг хабар беришича, Зюзино районида бир киши сувда сапбордда ҳаракатланиб, ҳайдовчиларга машиналардан тушишда ёрдам кўрсатишига тўғри келган (сув сатҳи эшик ўртасигача етган). Москва яқинидаги Митишчада Олимпия проспектидаги эстакада қисман сув остида қолган.
Краснодарда ҳам 12 июндан буён сув тошқинлари кузатилган, бу ерда икки кун тўхтовсиз ёмғир ёққан. Сув оқими туфайли айрим кўчаларда ҳаракат тўхтатилган. Маҳаллий ОАВ кўчаларда қайиқларда сузиб юрган одамлар ва кўлмакларда чўмилаётган болалар акс этган видеоларни эълон қилмоқда. Ертўлаларни сув босган. 14 июн куни эрталаб Краснодар ўлкасининг Қрим районидаги бир неча қишлоқларда тўғон ёрилиши туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Кубан расмийлари Краснодар, Лабинск ва Калинин районларида коммунал хизматлар сув босган ҳудудлардан сувни тортиб олаётгани ҳақида маълум қилди. Ушбу ҳудудларда жами 108 та уй атрофи ва 84 та турар жой биносининг ертўлаларини сув босган.
Челябинск маъмурияти «бундай кучли ёмғирни биргина ёмғир сувлари канализацияси орқали назорат қилиб бўлмаслиги»ни таъкидлаган. Шаҳар кўчаларини сув босган, автобуслар полига сув кириб кетган. Маҳаллий аҳоли вакиллари журналистларга автомобиллар сув остига кириб кетаётгани, шаҳар бўйлаб ҳаракатланиш қийинлашгани ҳақида хабар берган. Сув кўплаб автомобиллардаги давлат рақамлари оқизиб кетган.
Свердловск областида кучли ёғингарчилик туфайли Шиловка қишлоғидаги Шайтанка дарёсидаги тўғондан сув тошиб чиққан. Натижада 30 та уй ҳовлисини сув босган, Николо-Павловск қишлоғида тўртта турар жой биноси зарар кўрган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Свердловск области бўйича бошқармаси аҳолига бошпаналарда ўтиришни, эшик ва деразаларни маҳкам ёпишни ҳамда уйлардан чиқмасликни маслаҳат бериб, шаҳарга бўрон яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантирган.
13 июн куни Новгород областида трансформаторни яшин уриши туфайли уч мингга яқин киши электр таъминотисиз қолган.
Москва
Краснодар
Челябинск


Свердловск области

