Жамият | 09:30
1329
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқ бўйида янги ишбилармонлик ва дам олиш ҳудуди ташкил этилади

Тошкент шаҳрида Чирчиқ дарёси бўйлаб замонавий ишбилармонлик, турар жой ва дам олиш ҳудудларини ўз ичига олган «Дарё бўйи Business City» лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳа пойтахт инфратузилмасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли учун қулай шаҳар муҳитини шакллантиришга қаратилган.

Фото: Видеодан кадр

Бектемир туманида бўлиб ўтган тақдимотда Чирчиқ дарёсининг 24 километрлик қисми бўйлаб ҳудудни комплекс ривожлантириш режалари муҳокама қилинди. Лойиҳа доирасида дарё қирғоқларини икки томонлама ободонлаштириш, замонавий турар жой мажмуалари ва ишбилармонлик марказларини барпо этиш, жамоат масканлари ҳамда транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш кўзда тутилган.

Тадбирда Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбарининг сув таъминоти тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича ўринбосари Тимур Бутунбаев, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов, туманлар ҳокимлари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари ҳамда лойиҳа ва пудрат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, тақдимот давомида Тошкент шаҳрида 12 та сунъий кўл барпо этиш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур ташаббуслар шаҳарнинг экологик ҳолатини яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва аҳоли учун янги рекреацион масканлар яратишга хизмат қилади.

«Дарё бўйи Business City» лойиҳаси соҳилбўйи ҳудудларининг салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, янги турар жой ва ишбилармонлик ҳудудларини мавжуд инфратузилма билан уйғунлаштириш ҳамда пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун янада жозибадор муҳит яратишни мақсад қилган.

Тақдимот якунида лойиҳавий ечимлар батафсил таҳлил қилиниб, аҳоли қулайлиги, хавфсизлик, экологик барқарорлик ва иқтисодий самарадорликни таъминлаш нуқтаи назаридан концепцияни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид