Ўзбекистон | 13:00
723
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқда замонавий полимер материаллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Чирчиқ кимё-индустриал технопаркида юқори қўшимча қийматга эга полимер материаллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхона фаолият юритмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев NovoPlast TPE корхонасида бўлиб, бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнлари ва инновацион ишланмалар билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Россиянинг VR Plast компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳанинг умумий қиймати 5,4 миллион долларни ташкил этади. Корхонада термопластик эластомер гранулалар, эшик ва ромлар учун зичлагичлар, техник ва озиқ-овқат саноати учун шланглар ҳамда қурилиш ва электротехника тармоқлари учун турли полимер маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Замонавий лаборатория ва тадқиқот марказига эга корхонада Осиё ва Европа бозорлари талабларига мос янги маҳсулот турлари ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, барча маҳсулотлар халқаро стандартлар асосида синовдан ўтказилади.

Лойиҳа доирасида 58 та янги иш ўрни яратилган. 2025 йил якунларига кўра, корхонада 103 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва 5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.

Шу билан бирга, корхона ўтган йили 8,5 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариб, маҳаллийлаштириш жараёнларига муносиб ҳисса қўшди. Келгусида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 177 миллиард сўмга, экспорт улушини эса 60 фоизга етказиш режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид