Жаҳон | 19:49
3668
3 дақиқада ўқилади

Украина дронлари яна Москвага ҳужум қилди

Капотнедаги Москва нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин чиқди.

Фото: Видеодан кадр

Украина дронлари 16 июнга ўтар кечаси яна Москва шаҳри ва Москва областига ҳужум қилди. Москва области раҳбари Андрей Воробев регион осмонида 86 та дрон уриб туширилганини хабар қилган. Воробевнинг сўзларига кўра, дронлар ҳужуми туфайли олти киши жароҳат олган. Шундан тўртта ҳолат Электросталда қайд этилган, бу ерда дрон парчалари турар жой бинолари комплексига тушиб, тўртинчи қаватдан ўн олтинчи қаватгача бўлган уйларнинг деразаларини синдириб юборган. «Астра» нашри ёзишича, Электросталда дронлар ҳужуми вақтида «Шимолий квартал» турар жой комплекси корпусларидан бирида ёнғин чиққан.

Шунингдек, Воробевнинг маълумотига кўра, Котелникининг Парковий микрорайонида 57 ёшли эркак, Воскресенский районидаги Цибино қишлоғида 13 ёшли қиз яраланган.

Тунда ва эрта тонгда Москвадаги аэропортларнинг барчаси – Шереметево, Домодедово, Внуково ва Жуковский ёпиб қўйилган. 

Москва шаҳри мэри Сергей Собянин ҳам шаҳарга кириш жойларида бир неча ўнлаб дронлар уриб туширилгани ҳақида хабар берган. Унинг ёзишича, ҳужум оқибатида Капотне районида жойлашган Москва нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудидаги «объект шикастланган». Мэрнинг сўзларига кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.

Нефтни қайта ишлаш заводи атрофидаги йўлларда ҳаракат тўхтатилган. Москва вақти билан соат 11:30 атрофида ФВВ нефтни қайта ишлаш заводидаги ёнғин ўчирилганини хабар қилган. «Ҳодиса корхона фаолиятига таъсир кўрсатмади», – дейилади ФВВ хабарида.

Украина президенти Володимир Зеленский ушбу заводга ҳужумни «Россия зарбаларига мос жавоб ва тугаши керак бўлган урушнинг чўзилишига жавоб» эканини айтди.

Украина дронлари Капотнедаги нефтни қайта ишлаш заводига май ойи ўрталарида – Россия ҳудудидаги нишонлар бўйлаб дронларнинг ёпирилма ҳужуми доирасида ҳам зарба берганди. Reuters агентлигига кўра, ҳужумдан кейин Москва нефтни қайта ишлаш заводи фаолияти тўхтаб қолганди.

Капотнедаги ушбу завод Москва шаҳри ва Москва областининг ёқилғига бўлган эҳтиёжининг қарийб ярмини қоплайди.

Reuters хабарида дронларнинг Россия нефтни қайта ишлаш заводлари бўйлаб режали ҳужумлари туфайли Россия марказий қисмидаги барча йирик заводлар ишлаб чиқаришни қисқартиришга мажбур бўлгани айтилган. Ёқилғи тақчиллиги туфайли минтақадаги, жумладан, Москва шаҳридаги йирик ёқилғи қуйиш шохобчаларида лимитлар жорий этилган.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид