Жамият | 09:05
818
2 дақиқада ўқилади

Афғонистондан олиб кирилган 37,6 кг гиёҳвандлик воситалари фош этилди

Сурхондарё вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар, Чегара қўшинлари ва божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Афғонистондан Ўзбекистонга контрабанда йўли билан олиб кирилган жами 37,6 килограмм гиёҳвандлик воситалари мусодара қилиниб, ушбу жиноятларга алоқадор шахслар қўлга олинди.

Фото: ведиодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилишича, Сурхондарё вилояти бўйича бошқарма ва вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Афғонистондан мамлакат ҳудудига 25 кг 444 грамм «опий» ҳамда 11 кг 86 грамм «гашиш» моддалари контрабанда қилингани аниқланган.

Шундан сўнг гиёҳвандлик воситаларининг буюртмачиларини аниқлаш ва қўлга олиш мақсадида махсус чоралар кўрилган. Натижада назорат остида Самарқанд шаҳрига етказилган наркотик моддаларни қабул қилиб олиш вақтида 1989 ва 1997 йилларда туғилган икки нафар маҳаллий фуқаро ҳамда 1993 ва 1995 йилларда туғилган икки нафар хорижлик фуқаро ушланган.

Бундан ташқари, ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, Чегара қўшинлари, ички ишлар ва божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда икки нафар Афғонистон фуқароси Термиз халқаро савдо марказида 1 кг 76 грамм «опий» моддасини шартли харидорга 5 минг АҚШ долларига сотиш вақтида қўлга олинган.

Тергов жараёнида мазкур шахслар гиёҳвандлик воситаларини мамлакат ҳудудига яширин олиб кириш учун ўз ички органларидан «жонли контейнер» сифатида фойдалангани маълум бўлган.

Ҳар икки ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид