Жамият | 08:45
769
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада 1 килограммдан ортиқ гашиш олиб кетаётган шахс қўлга олинди

Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1 килограммдан ортиқ гашиш ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб кетаётган шахс ушланди. Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида «Қўқон – Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган, Тошкент шаҳрида яшовчи 1995 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Voyah русумли автомашина Наманган вилояти Поп туманидаги «Наманган» ЙПХ масканида тўхтатилди.

Автомашина холислар иштирокида текширилганда, салондаги ўриндиқ остига яширилган қора рангли целлофан пакет ичида соф оғирлиги 1 килограмм 178 грамм бўлган гашиш моддаси ҳамда 8 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги аниқланди.

Терговга қадар ўтказилган суриштирувлар давомида ушбу гиёҳвандлик воситаларини Тошкент шаҳридаги мижозларга сотиш мақсадида олиб кетилаётгани маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Айни вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мутасаддилар фуқароларни гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ ҳолатларга дуч келганда Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб хабар беришга чақирди. Маълумот берувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид