Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бразилия собиқ президентининг ўғли қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Бразилия Олий суди мамлакатнинг собиқ президенти Жаир Болсонарунинг ўғли Эдуарду Болсонаруни давлат манфаатларига зид ҳаракат қилганликда айбдор деб топиб, 4 йил-у 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Суд қарори сиёсатчининг АҚШда яшаб келаётгани сабабли сиртдан чиқарилди.
Суд материалларига кўра, 41 ёшли Эдуарду Болсонару отасига қарши олиб борилаётган суд жараёнлари муносабати билан АҚШ ҳукуматини Бразилияга қарши санкциялар жорий этишга чақирган. Олий суд бу ҳаракатларни давлат институтларига босим ўтказиш ва мамлакат манфаатларига зид ташқи лоббичилик фаолияти сифатида баҳолаган.
Судя Алешандре де Мораэс қарорни эълон қилар экан, Болсонарунинг ҳаракатлари суд ҳокимияти ҳамда давлатнинг бошқа тармоқлари фаолиятига таҳдид сифатида қабул қилинганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сиёсатчи хорижда туриб Бразилиянинг ички ишларига ташқи босим орқали таъсир кўрсатишга уринган.
Қамоқ жазосидан ташқари, Эдуарду Болсонаруга саккиз йил давомида давлат лавозимларини эгаллаш ҳам тақиқланди. У 2015–2025 йиллар давомида Бразилия парламенти қуйи палатаси депутати сифатида фаолият юритган.
Ҳозирда Эдуарду Болсонару АҚШ ҳудудида яшамоқда. Шу боис суд қарори унинг иштирокисиз қабул қилинган. Бразилия ҳуқуқ-тартибот органлари маълум қилишича, у мамлакатга қайтган тақдирда дарҳол ҳибсга олиниши мумкин.
Бу иш Бразилиядаги йирик сиёсий можаролардан бири ҳисобланган Болсонару оиласига қарши навбатдаги суд қарори бўлди. Мамлакатнинг собиқ президенти Жаир Болсонару 2019–2023 йилларда давлат раҳбари бўлган. У 2025 йил сентябрида давлат тўнтаришига тайёргарлик кўриш ва ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга уриниш айбловлари бўйича айбдор деб топилиб, 27 йил-у 3 ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Айни пайтда Бразилияда 2026 йил октябр ойида ўтказилиши режалаштирилган президентлик сайловлари учун сиёсий тайёргарлик бошланган. Унда амалдаги президент Луис Инасиу Лула да Силва яна номзод сифатида иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, қамоқдаги собиқ президентнинг яна бир ўғли — Флавиу Болсонару ҳам сайловда қатнашиш истагини билдирган.
Мавзуга оид
10:30
Боливия ва АҚШ 18 йиллик танаффусдан сўнг наркотрафикка қарши ҳамкорликни тиклади
10:00
Суд жараёнларида адвокатлар ваколатлари кенгайтирилиши мумкин
09:20
G7 саммити: Россия нефти ва газига қарши янги санкциялар тайёрланмоқда
09:16