Спорт | 12:37
3764
9 дақиқада ўқилади

ЖЧда 7-кун. Роналду Мессига жавоб қилолмади, Англия шоу уюштирди

Португалия камтарона Конго ДР билан ўйинда ишончни оқлай олмади, Англия ва Хорватия турнирнинг ҳозирча энг яхши ўйинини ўтказишди.

Фото: Molly Darlington/Getty Images

Жаҳон чемпионатининг навбатдаги куни ҳам воқеаларга бой бўлди. Ўзбекистон турнирда илк ўйинини ўтказди ва илк голини урди, Гана Панамани сўнгги дақиқаларда урилган гол билан ранжитди, Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия миллий жамоаси Конгони ДР миллий жамоасини мағлуб этолмади, Англия ва Хорватия ўйинида эса ҳақиқий триллер кузатилди.

Ҳакамлар яна диққат марказида: илк бор аёл ҳакам ЖЧ ўйинига тайинланди, экспертлар эса Аргентина ва Жазоир учрашувида Шимон Марчиняк Лионел Мессини майдондан четлатмай, хато қилган деб ҳисобламоқда.

Португалияда йўқотиш

Португалия – Конго ДР 1:1
Голлар:
Жоау Невеш, 6 (1:0). Висса, 45+5 (1:1)
Португалия:  Кошта, Араужу, Вейга, Нуну Мендеш (Семеду, 72), Жоау Канселу, Жоау Невеш, Витиня (Рамуш, 83), Бруну Фернандеш, Педру Нету (Леау, 72), Бернарду Силва (Консейсау, 46), Криштиану Роналду
Конго ДР: Мпаси-Нзау, Капуади, Туанзебе, Мбемба, Масуаку (Ж. Кайембе, 74), Ван-Биссака (Калулу, 85), Мутуссами, Э. Кайембе (Пикел, 74), Мукау (Садики, 57), Бакамбу (Банза, 85), Висса
Огоҳлантиришлар: Бернарду Силва, 13. Семеду, 88. Араужу, 90 – Мбемба, 32

Бир кун олдин Лионел Месси Жазоир дарвозасига ҳет-трик қайд этиб, Криштиануга чақириқ ташлаганди. Мухлислар унинг португалиялик азалий рақибидан жавоб кутишганди ва «Ан-Наср» форварди Африкадан келган камтарон жамоага қарши ўйинда бу вазифани уддалайдигандек кўринганди ҳам.

Ўйиннинг олтинчи дақиқасидаёқ 174 сантиметрлик Жоау Невеш Педру Нетунинг узатмасини бош билан голга айлантирганида бу фикр янада мустаҳкамланганди. Аммо шундан кейин португаллар ҳеч нарса ўйлаб топа олишмади. Бўлим охирида эса конголиклар ҳужумчиси Йоан Висса ҳисобни тенглаштирди.

Ўйиннинг иккинчи бўлимида ҳам португалияликлар рақиб дарвозаси атрофида хавфли вазиятлар ярата олмади. Якунда ўйин 1:1 ҳисобидаги сенсацион дуранг билан якунланди.

Роналду эса йирик турнирларда қаторасига 10 ўйиндан буён гол ура олмаяпти. Opta Sports қайд этишича, бу унинг жаҳон ва Европа чемпионатларидаги антирекорд серияси ҳисобланади.

Турнирнинг энг яхши ўйини

Англия – Хорватия 4:2
Голлар:
Кейн, 12 – пеналти (1:0). Батурина, 36 (1:1). Кейн, 42 (2:1). Муса, 45+5 (2:2). Беллингҳэм, 47 (3:2). Рэшфорд, 85 (4:2)
Англия: Пикфорд, Конса, Стоунс (Гейи, 87), О`Райли, Жеймс, Райс (Роджерс, 72), Андерсон, Беллингҳэм (Спенс, 79), Гордон (Сака, 72), Мадуэке (Рэшфорд, 72), Кейн
Хорватия: Ливакович, Вушкович (Матанович, 66), Гвардиол, Шутало, Модрич (Ковачич, 58), М. Пашалич (Влашич, 78), Перишич, Станишич, Батурина (Крамарич, 78), Сучич, Муса (М. Пашалич, 66)

Англия – Хорватия жуфтлиги олдиндан биринчи турдаги энг ёрқин афиша сифатида кўрилаётганди. Ва амалда ҳам жамоалар кутилмаларни оқлади. Голлар шоуси 10-дақиқадаёқ бошланди: Лука Модрич ўз жамоаси жарима майдонида Нони Мадуэкега қарши фол ишлатди, Ҳарри Кейн эса биринчи уринишда яхши зарба бера олмади, аммо ҳакамлар бу вазиятда дарвозабон зарбадан олдин чизиқни тарк этган деб топишди ва инглиз ҳужумчисига иккинчи имкониятни тақдим этишди. Бу сафар ҳужумчи Доминик Ливаковичга ҳеч қандай имкон қолдирмади.

Бўлим охирида жамоалар худди кўча бокчиларидек зарбалар алмашинувини амалга оширишди ва голлар ҳам урилди. Аввалига Мартин Батурин ҳисобни тенглаштирди, Кейн бурчак зарбасидан кейин жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди, бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Петар Муса инглизлар жамоаси ҳимоясидаги хатодан фойдаланиб, яна мувозанатни тиклади.

Иккинчи бўлим стартини Англия футболи тарихига киритиш мумкин: Томас Тухел шогирдлари 10 дақиқа ичида 9 зарба берди, шундан биттаси голга айланди. Агар Ливакович бўлмаганида ўйин тақдири шу дақиқаларда ҳал бўлиб улгурган бўларди.

Шундан кейин ўйин суръати пасайди ва хорватларда ўйинга қайтиш учун имконият сақланиб турди. Тухел эса учталик алмаштириш қилиб, Сака, Рэшфорд ва Роджерсни майдонга ташлади. Қолган вақт давомида улардан бирининг пасини иккинчи голга айлантириб, якуний ҳисобни ўрнатди – 4:2.

Гана ғалабани илиб кетди

Гана – Панама 1:0
Гол:
Йиренкий, 90+5 (1:0)
Гана: Ати-Зиджи (Асаре, 46), Аджети, Опоку, Менса, Сенайя, Йиренкий, Овусу (Сибо, 78), Семенйо, Нуама (Фатаву, 58), Сулемана (Томас-Асанте, 58), Айю (Аду, 87)
Панама: Москера, Кордоба, Андраде, Рамос, Барсенас, Ҳарви, Блэкмен (Годой, 90), Мурило, Родригес (Диас, 74), Мартинес (Фахардо, 63), Уотерман (Лондоно, 63)
Огоҳлантиришлар: Йиренкий, 16 – Блэкмен, 72. Ҳарви, 90

Панамаликлар учун бу жаҳон чемпионати тарихидаги иккинчи иштирок бўлмоқда. Марказий америкаликлар 2018 йил Россияда бўлиб ўтган турнирда Белгия, Англия ва Тунис билан бир гуруҳдан жой олиб, бирорта очко қўлга кирита олмаганди. Бу сафар эса жамоа илк очкосини қўлга киритишга жуда яқин келди: Томас Кристиансен шогирдлари жамоавий ўйинни яхши қура олгани маълум бўлди, Гана эса турнирга энг яхши ҳолатида етиб келмагани билиниб қолди. Африкаликлар ўртоқлик учрашувларидаги муваффақиятсиз натижалардан кейин бош мураббийни алмаштиришди ва бу лавозимга тажрибали Карлуш Кейрушни олиб келишди. Турнир стартида эса таркиб билан боғлиқ муаммо юзага келди: Панамага қарши Канадада бўладиган ўйинга жамоа етакчиларидан бири, таянч яримҳимояси Томас Парти қатнаша олмайдиган бўлди: унга ушбу мамлакат ҳукумати виза бермади.

Панама ўйин дебютидаёқ ҳисобни очиши мумкин эди, аммо ганаликлар дарвозабони Лоуренс Ати-Зиджи ажойиб сейв ижро этди. Шундан кейин ўйин картинаси ўзгарди: тўқнашувлар кўпайиб, аниқ узатмалар камайди, жамоалар ҳужумнинг охирги қисмида хато қарорлар туфайли тўп йўқотишди.

Иккинчи бўлимда ҳам сюжет ўзгармади ва барчаси голсиз дурангга қараб кета бошлади. Аммо ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда ганаликлар савиядаги фарқни намойиш этишди: 90+5-дақиқада «Манчестер Сити» вингери Антуан Семенёо бошлаб берган ҳужумда Брэндон Томас-Асанте чап қанотда олдинга юриб давом эттирди ва жарима майдонига кириб борган шериги Калеба Йиренкини голли пас билан таъминлади – 0:1.

Бу орқали Кейруш жаҳон чемпионатларида ғалабага эришган энг кекса ёшли мураббийга айланди. Португалиялик мутахассис 73 ёшда, унинг учун бу карерасидаги бешинчи жаҳон биринчилиги бўлмоқда.

Ўзбекистонда дебют

Ўзбекистон – Колумбия 1:3
Голлар:
Мунйос, 40 (0:1). Файзуллаев, 60 (1:1). Диас, 65 (1:2). Кампас, 90+9 (1:3)
Ўзбекистон: Юсупов, Абдуллаев, Ашурматов (Ўрозов, 77), Ҳусанов, Мозговой, Шукуров, Насруллаев (Сайфиев, 46), Каримов, Ўрунов (Ҳамдамов, 46), Файзуллаев (Аманов, 77), Шомуродов (Сергеев, 90+3)
Колумбия: Варгас, Лукуми, Санчес, Моҳика, Мунйос, Лерма, Ариас (Кастанйо, 90+3), Пуэрта (Риос, 80), Диас (Гомес, 90+3), Ҳамес Родригес (Кампас, 72), Суарес (Эрнандес, 80)
Огоҳлантиришлар: Ҳусанов, 34 – Моҳика, 7

Турнирнинг энг ҳужумкор жамоаларидан бири саналган колумбияликлар турнир дебютантига қарши бир бўлим давомида деярли ҳеч нарса қила олишмади. Жанубий америкаликлар кутилганидек тўпга эгалик қилишди ва вазиятлар яратишди, аммо ўзбекистонликлар ҳимояда ишончли ҳаракат қилишди. Аммо бўлим якунланиши арафасида колумбияликлар қайтарилган навбатдаги  ҳужумни иккинчи темпда давом эттириб, ўз мақсадига эришди: Луис Диас тўпни ҳаволатиб ҳимоячилар ортига ташлаб берди, унга етиб борган Даниэл Мунйос дарвозабонга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Фабио Каннаваро шогирдлари эса бўлим давомида бирорта голли вазият ярата олишмади.

Лекин италиялик мутахассиснинг танаффусда қилган ўзгаришлари самара берди ва  60-дақиқада Ўзбекистон ҳисобни тенглаштирди: Шомуродов йўллаган зарбани дарвозабон қайтарди, аммо тўпга биринчи бўлиб етиб келган Аббос Файзуллаев осонлик билан дарвозани ишғол этди.

Лекин турнир дебютантлари ҳисобни сақлаш ўрнига ҳужумга ўтишди ва жазоланишди: Диас яна бир бор ўз даражасини намойиш этиб, ғалаба голини урди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса Ҳаминтон Кампас якуний ҳисобни ўрнатди – 3:1.

Месси нега йиғлади?

Жазоирга қарши ўйинд Лионел биринчи голидан кейин кўз-ёш тўккани кўпчиликнинг эътиборини тортганди. Аргентиналик форвард ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ҳиссиётларини жиловлай олмагани футбол билан боғлиқ эмаслигини айтди.

La Opinion нашри бунинг сабабини аниқлаган: футболчи отаси хасталигини ўта оғир қабул қилган. Жаҳон чемпионати арафасида катта Мессининг аҳволи оғирлашиб қолган.

ЖЧ тарихидаги иккинчи аёл арбитр

Турнирда эркак ҳакамлар можароли қарорлари билан шов-шувларга сабаб бўлаётган маҳалда ФИФА америкалик аёл ҳакам Тори Пенсога мурожаат қилди — гуруҳ босқичида Чехия ва ЖАР ўйинини бошқариш унга ишониб топширилди.

Бу жаҳон чемпионатлари тарихидаги иккинчи ҳолат бўлди. Мундиалдаги биринчи аёл ҳакам франциялик Стефани Фраппар бўлганди, у 2022 йилги турнирда Германия — Коста-Рика ўйинида ишлаган.

Навбатда қандай ўйинлар бор?

Жаҳон чемпионатида биринчи тур якунланди. Бугун ва эртага иккинчи тур доирасида қуйидаги учрашувлар ўтказилади

  • 21.00 Чехия — ЖАР
  • 00.00 Швейцария — Босния ва Ҳерцеговина
  • 3.00 Канада — Қатар
  • 6.00 Мексика — Жанубий Корея
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид