Жаҳон чемпионатининг навбатдаги кунида сюрпризлар бўлмади. Франция биринчи бўлимни нурсиз ўтказганига қарамай, барибир Килиан Мбаппенинг дубли эвазига Сенегални таслим этди (3:1). Кейин эса Эрлинг Ҳоланд етакчилигидаги норвегияликлар Ироққа ҳеч қандай имконият қолдиришмади (4:1), ундан кейин Аргентина Жазоир билан ўйинда Мессининг голлари эвазига йирик ҳисобда ғалаба қозонди (3:0), Австрия эса Иорданияни мағлуб этди (3:1).

Майдон ташқарисида ҳам қизиқарли воқеалар бўлиб ўтмоқда: Тунис янги бош мураббийга эга бўлди, кореяликлар журналистларга бойкот эълон қилди, инглизлар ва ўзбекистонликлар ўйинга бир кун қолганида якуний таркибдаги футболчиларини алмаштиришди.

Ҳоланд жаҳон чемпионатида дебют қилди

Ироқ – Норвегия 1:4
Голлар: Ҳоланд, 29 (0:1). Ҳусайн, 39 (1:1). Ҳоланд, 43 (1:2). Эстигор, 76 (1:3). Ҳусайн, 90+6 – автогол (1:4)
Ироқ: Жалол, Таҳсин, Ҳошим, Доски, Али (Саадун, 73), Ал-Аммарий, Исмоил (Фаржи, 59), Ясим (Қосим, 73), Байеш (Муҳанад, 78), Ал-Ҳамади (Иқбол, 59), Ҳусайн
Норвегия: Нюланн, Айер, Ҳеггем, Волфе (Эстигор, 73), Рюэрсон, Берге, Эурснес (Торстведт, 73), Нуса (Бобб, 73), Эдегор (Берг, 81), Сёрлот (Шелдеруп, 73), Ҳоланд
Огоҳлантириш: Таҳсин, 86

Ироқ ва Норвегия жуфтлиги фаворит аниқ эди. Гарчи икки жамоа ҳам жаҳон чемпионатига узоқ танаффусдан кейин (мос равишда 1986 ва 1998 йиллар) қайтган бўлса-да, таркиблар борасидаги фарқ жуда катта эди. Ва бу майдонда ҳам ўз сўзини айтди.

Ўйин старти норвеглар учун кутилганидек осон кечмади: улар анча вақтгача ироқликларнинг ҳимоя деворини буза олишмади. Сув ичиб олиш учун қилинган танаффусда эса скандинавлар янгича технологияни намойиш этишди – футболчилар бу вақтда муз солинган махсус салқинлантирувчи рюкзаклар тақиб олишди. Бундан фақат Эрлинг Ҳоланд фойдаланмади.

Шу куни ушбу форвардга катта эътибор қаратилганди – ўз авлодининг асосий юлдузларидан бири саналган ушбу футболчи фаолиятида илк марта жаҳон чемпионатига чиққанди. У қаттиқ ҳаракат қилди: маълумот учун, Ҳоланд Европадаги саралаш турнирида саккиз ўйинда 16 гол билан яққол тўпурар бўлганди. У жаҳон чемпионатида ҳам ўз даражасини намойиш этиб, биринчи бўлимдаёқ дублни расмийлаштирди. Эътиборли томони, у 43 дақиқа ичида Норвегиянинг жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурари (2) Хетил Андре Рекдалнинг натижасини такрорлади. Рекдал ўз голларини иккита жаҳон чемпионатидаги етти ўйинда урганди.