Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Катта Чимён тоғида қидирув-қутқарув операцияси ўтказилди
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган Катта Чимён тоғида сайр қилиш вақтида йўлдан адашиб қолган тўрт нафар фуқаро Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан қидирув ишлари натижасида топилиб, хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди.
17 июн куни соат 14:49 да Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармасига “112” тизими орқали Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги Катта Чимён тоғида тўрт нафар фуқаро адашиб қолгани ва уларга амалий ёрдам зарурлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Хабарга асосан, ФВВ қутқарувчилари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, тоғли ҳудудда қидирув-қутқарув ишларини бошлаган.
Олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида адашиб қолган фуқароларнинг жойлашув ўрни аниқланиб, улар хавфсиз ҳудудга олиб чиқилган.
Маълум қилинишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Барча фуқароларнинг аҳволи яхши экани билдирилмоқда.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни тоғли ҳудудларга саёҳат қилишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш, ҳаракатланиш йўналишини олдиндан белгилаб олиш ҳамда зарурат туғилганда тезкор хизматларга мурожаат қилишга чақирди.