Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Санэпидқўмита қовун ва тарвуз танлаш қоидаларини эслатди
Тарвуз ва қовун танлашда бир қатор муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш тавсия этилади. Тарвузнинг пўстлоғи бутун, банд қисми қуруқ бўлиши, ерда ётган қисмидаги доғ тўқ сариқ тусда бўлиши мақсадга мувофиқ.
Ёз фасли келиши билан аҳоли орасида тарвуз ва қовун истеъмоли сезиларли даражада ортади. Шу билан бирга, ушбу полиз маҳсулотларида нитратлар миқдори ва уларнинг инсон саломатлигига таъсири ҳақидаги саволлар ҳам кўпаймоқда.
Санэпидқўмитанинг маълумот беришича, нитратлар ўсимликлар ўсиши учун зарур бўлган табиий бирикмалар ҳисобланади. Бироқ уларнинг маҳсулот таркибида меъёрдан ортиқ тўпланиши инсон саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин.
Санитария қоидаларига мувофиқ, тарвузларда нитратларнинг рухсат этилган миқдори 60 мг/кг, қовунларда эса 90 мг/кг этиб белгиланган.
Нитратларнинг юқори миқдори маҳсулотнинг ташқи кўриниши ёки таъми орқали ҳар доим ҳам аниқланавермайди. Оддий таъм билиш рецепторлари орқали нитратлар бор-йўқлигини билиш қийин. Айрим ҳолларда ортиқча азотли ўғитлар таъсирида етиштирилган маҳсулотлар сувсимон, таъми паст ёки ўзига хос металл таъмли бўлиши мумкин.
Нитратлар инсон организмига тушгач, нитритларга айланиши мумкин. Бу эса қондаги гемоглобиннинг кислород ташиш қобилиятини пасайтиради ва организмда кислород етишмовчилигини келтириб чиқаради. Шунингдек, кўнгил айниши, бош оғриғи, ҳолсизлик каби белгилар кузатилиши мумкин.
Мутахассислар айрим ҳолатларда нитратлардан ҳосил бўладиган нитрозаминлар онкологик хавф омилларидан бири ҳисобланишини ҳам таъкидлайди. Нитратлар миқдорини аниқлаш махсус лабораторияларда амалга оширилади. Бунда ионометрия, спектрофотометрия ва хроматография каби юқори аниқликка эга усуллар қўлланилади. Шу билан бирга, истеъмолчилар ихтисослашган нитрат-тестерлар ёки экотестерлар ёрдамида маҳсулотлардаги нитрат миқдорини тахминий баҳолаши мумкин.
Тарвуз ва қовун танлашда бир қатор муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш тавсия этилади. Тарвузнинг пўстлоғи бутун, банд қисми қуруқ бўлиши, ерда ётган қисмидаги доғ тўқ сариқ тусда бўлиши мақсадга мувофиқ. Пишган тарвуз чертилганда бўғиқ ва чуқур овоз чиқаради. Қовун эса ўзига хос хушбўй ҳид таратиши, пўстлоғи қаттиқ ва ташқи кўриниши шикастланмаган бўлиши лозим.
Мутахассислар маҳсулотларни фақат расмий савдо нуқталари ва деҳқон бозорларидан харид қилишни тавсия этади. Кесилган тарвуз ва қовунларни сотиб олишдан сақланиш, маҳсулотнинг лаборатория текширувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан қизиқиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Мавзуга оид
17:44 / 02.06.2026
Эбола вирусининг Ўзбекистонда тарқалиш хавфи паст — Санэпидқўмита
18:13 / 21.05.2026
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилади
15:52 / 23.04.2026
Аҳоли орасида менингококк инфекцияси бироз кўпайди – Санэпидқўмита
21:04 / 24.02.2026