Жаҳон | 08:43
2268
3 дақиқада ўқилади

Исроил ташқи ишлар вазири Кая Каллас билан алоқаларни узди

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас билан барча дипломатик алоқаларни тўхтатганини маълум қилди. Бу қарор Калласнинг Исроилни Жанубий Африкадаги апартеид даври режимига қиёслагани ҳақидаги хабарлар ортидан қабул қилинди.

Фото: Menahem Kahana/AFP

Гидеон Саар 18 июн куни Х ижтимоий тармоғида эълон қилган баёнотида Кая Каллас сўнгги вақтларда Исроилга нисбатан нохолис ва адолатсиз муносабат билдириб келаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Европа дипломатияси раҳбари Мексикага ташрифи чоғида Исроилнинг Ғарбий соҳил ва Ғазо секторидаги сиёсатини Жанубий Африка Республикасида 1948–1994 йилларда амал қилган ирқий ажратиш — апартеид тизимига ўхшатган.

«Бизда Каллас хоним мазкур айбловларини рад этмагунча ёки қайтариб олмагунча у билан алоқаларни тўхтатишдан бошқа чора қолмади», — деди Исроил ташқи ишлар вазири.

Аввалроқ Euractiv нашри Европа Иттифоқи дипломатлари ва амалдорларига таяниб, Каллас Мексика расмийлари билан учрашувда Исроилнинг фаластинликларга муносабатини апартеид сиёсатига қиёслаганини хабар қилган эди.

Мазкур баёнотларга жавобан Кая Каллас Европа Иттифоқи Исроил билан мулоқот ва ҳамкорликни сақлаб қолиш тарафдори эканини билдирди.

«Мен ўзаро мулоқот ва ҳамкорликни қадрлайман ҳамда уларни ҳурмат ва конструктив руҳда давом эттиришга тайёрман. Айниқса келишмовчиликлар мавжуд бўлган пайтда дипломатиянинг асоси мулоқот ҳисобланади», — деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.

Шу билан бирга, Каллас Европа Иттифоқи Яқин Шарқда барқарор тинчликка эришишнинг ягона мақбул йўли икки давлатли ечим эканини қўллаб-қувватлашда давом этаётганини таъкидлади.

Бироқ Саар Каллас ўз баёнотида апартеид ҳақидаги сўзларни на рад этгани ва на қоралаганига эътибор қаратди. Унинг фикрича, бу ҳолат мазкур масалага ойдинлик киритилмаганини кўрсатади.

«Менинг билишимча, сизга нисбатан айтилган апартеид ҳақидаги фикрлар Европа Иттифоқининг расмий позициясини акс эттирмайди. Бу масалага аниқлик киритилмагунча қароримиз ўзгармайди», — деди Исроил ташқи ишлар вазири.

Айни пайтда Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам Исроилни апартеид режими билан таққослашга қарши чиқди. Брюсселдаги ЕИ саммити олдидан журналистларга берган интервюсида у бундай таърифни қабул қилмаслигини ва бу масала Европа етакчилари томонидан муҳокама қилинишини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид