Жаҳон | 15:25
868
2 дақиқада ўқилади

ЕИ ҳозирча Ҳўрмуз бўғозига кемалар юбормайди

Европа Иттифоқи давлатлари Aspides ҳарбий-денгиз операцияси доирасида кучлар ҳозирлигини оширишни истамоқда, бироқ улар ҳозирча унинг мандатини ўзгартиришдан «манфаатдор эмас», деди Кая Каллас.

Фото: Virginia Mayo/AP Photo/picture alliance

АҚШ президенти Доналд Трампнинг чақириқларига қарамай, Европа Иттифоқи ҳозирча кемалар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган Aspides ҳарбий-денгиз миссиясини Ҳўрмуз бўғозига кенгайтириш ниятида эмас. Бу ҳақда ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас 16 март, душанба куни Брюсселда Европа Иттифоқи Ташқи ишлар кенгаши йиғилишидан сўнг маълум қилди.

Калласнинг сўзларига кўра, Ҳўрмуз бўғози орқали ўғитлар, озиқ-овқат ва энергия ташувчилари етказиб беришни қайта тиклаш «шошилинч устувор вазифа» ҳисобланади ва ЕИ давлатлари ташқи ишлар вазирлари минтақада кемалар ҳаракати ҳимоясини кучайтириш вариантларини муҳокама қилган. Aspides операцияси аллақачон Қизил денгизда кемалар қатнови эркинлигини таъминлашда «асосий рол» ўйнамоқда.

«Муҳокамаларимиз чоғида ушбу операцияни кучайтириш бўйича аниқ истак янгради. Аммо ҳозирча Aspides операцияси мандатини ўзгартиришга қизиқиш йўқ. Ҳар қалай, ҳозирча шундай», — деди Европа дипломатияси раҳбари.

У ЕИ давлатлари можарога тўғридан тўғри жалб этилишдан қочишга интилаётганини таъкидлади.

«Ҳеч ким бу урушга фаол равишда тортилишни истамаяпти ва барча бу можаро нималарга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда», — деди Каллас.

Унинг таъкидлашича, ҳозир Ҳўрмуз бўғози диққат марказида турган бўлса-да, Қизил денгиз ҳам халқаро савдо учун ўта муҳим бўлиб қолмоқда.

«Ҳусийчилар аралашуви хавфи реал, шунинг учун биз ҳушёрликни сақлашимиз керак», — дея изоҳ берди дипломат.

Брюсселдаги учрашув олдидан Каллас журналистларга Aspides миссияси Қизил денгиздан Ҳўрмуз бўғозига йўналтирилиши ва шу тариқа ушбу йўналиш орқали нефт ҳамда газ етказиб беришни қайта тиклашга ёрдам бериши мумкинлигини айтган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид