Жаҳон | 08:51
1912
3 дақиқада ўқилади

Москва яқинидаги НҚЗга ҳужумдан сўнг “нефт ёмғири” кузатилди

Москва вилоятининг Балашиха ва Люберци шаҳарлари аҳолиси Украина дронлари ҳужумига учраган Капотнядаги нефтни қайта ишлаш заводидаги ёнғиндан сўнг ҳаводан қора қурум ва нефт маҳсулотларига ўхшаш заррачалар ёғганини маълум қилди. Маҳаллий аҳоли бу ҳолатни “нефт ёмғири” деб атаяпти.

Фото: AFP

18 июн куни ижтимоий тармоқларда Балашиханинг Железнодорожний микрорайони ва қўшни Люберци шаҳридан олинган суратлар тарқалди. Уларда автомобиллар, дераза токчалари, кийим-кечак ва бошқа юзалар қора модда билан қопланганини кўриш мумкин.

Шунингдек, кўплаб фуқаролар ҳавода кучли ёниш ҳиди сезилганидан шикоят қилган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мазкур ҳолатни 18 июнга ўтар кечаси Украина дронлари ҳужумига учраган Москва нефтни қайта ишлаш заводидаги ёнғин оқибатлари билан боғламоқда.

Маълумотларга кўра, бунга ўхшаш “нефт ёмғирлари” аввал ҳам Россиянинг Туапсе, Перм, Рибинск ва Рязан шаҳарларидаги нефтни қайта ишлаш заводларига қилинган ҳужумлардан кейин кузатилган.

Шу билан бирга, Москва экология мониторинги хизмати ҳаводаги зарарли моддалар миқдори белгиланган меъёрдан ошмаганини маълум қилди. Москва вилояти Экология вазирлиги ҳам “нефт ёмғири” ҳақидаги маълумотларни рад этиб, аҳоли кузатган ҳолат оддий қурум чўкиндилари эканини билдирди.

Вазирлик баёнотига кўра, Балашихада кузатилган заррачалар печка ёки гулхан ёнганда ҳосил бўладиган қурумга ўхшайди. Расмийлар ҳавода зарарли моддалар концентрацияси ошмаганини таъкидлаган.

Бироқ эҳтиёт чораси сифатида аҳолига уйдан чиқмаслик ва деразаларни ёпиқ сақлаш тавсия қилинди. Бу қурум заррачаларининг нафас йўлларига тушишининг олдини олиш мақсадида қилинган.

Мустақил метеорологлар эса Москвадан шарқ томондаги ҳудудларда ёнғин маҳсулотлари аралаш ёғингарчилик яна бир сутка давомида кузатилиши мумкинлигини билдирмоқда.

18 июнга ўтар кечаси Москва ва Россиянинг бир қатор ҳудудлари Украина дронларининг йирик ҳужумига учраган. Москва мэри Сергей Собянин дронлар Москва нефтни қайта ишлаш заводига зарба берганини тасдиқлаган.

Ёнғин маҳаллий вақт билан соат 15:00 атрофида назорат остига олинган. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар бўлмаган. Бу мазкур заводга бир ҳафта ичида қилинган иккинчи ҳужум ҳисобланади.

Россиянинг ТАСС агентлиги маълум қилишича, ушбу дронлар ҳужуми сўнгги икки йил ичида Москвага қарши амалга оширилган энг йирик ҳаво ҳужумларидан бири бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид