Жамият | 15:32
6931
2 дақиқада ўқилади

Блогер Гейдар Алиев 5 суткага қамалди

Gonzo номи остида фаолият олиб борадиган блогер Гейдар Алиев маъмурий қамоқ жазосига тортилди. Суд уни майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ҳамда шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳуқуқбузарликларида айбли деб топди.

Фото: социальные сети

Блогер Гейдар Алиев маъмурий жазога тортилди. Kun.uz суд қарори билан танишди.

Суд ҳужжатига кўра, Gonzo номи остида фаолият олиб борадиган 28 ёшли Гейдар Алиев 13 июнда Тошкент шаҳрида ўтказилган фестивалда жамоат тартибини бузган. У вояга етмаган шахсларни уларнинг қаршилигига қарамай видеотасвирга олган ҳамда Telegram каналида тарқатган.

Шунингдек, блогер ички ишлар органи ходимининг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш ҳақидаги талабини бажармасдан жамоат жойида сўкинган ҳолда одамлар осойишталигини бузган.

Бундан ташқари, Гейдар Алиев 17 июн куни жабрланувчилардан бирининг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотларни Telegram’да тарқатгани ҳам аниқланган.

Гейдар Алиев судда қилмишидан пушаймон эканини билдирган.

“13 июн куни Миробод туманида ўтказилган “K-Vibe” фестивалига “Кимано” кийимида бориб, укамнинг операторлигида байрам жараёнини жонли видео орқали тасвирга олишни бошладим. Ўша ердаги фуқарога бирга рақсга тушишни таклиф қилдим. У видеога олмасликни айтиб, операторга қаршилик қилди. Ўша ерда хизматни ўтаётган профилактика инспектори видеога олмаслигимни ва ўчириб ташлашимни сўради. Мен қайси асосга кўра фуқаролар ёки ИИО ходимларини видеога олмаслик кераклигини сўрадим. Ходимнинг ИИБ биносига бирга бориш таклифини рад қилдим.

Бундан ташқари, жамоат жойида русча сўзлар билан сўкинганим рост. Бундай қилмиши учун чин кўнгилдан пушаймонман”, деган блогер.

Жабрланувчилар суддан Алиевга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

ЖИБ Миробод туман суди қарори билан Гейдар Алиев МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми, ва 46-2-моддаси (шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган Унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид