Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Молдовадаги “аср ўғрилиги” иши: миллиардер Плахотнюк 19 йилга қамалди
Кишинёв шаҳридаги суд Молдова Демократик партиясининг собиқ етакчиси ва миллиардер Владимир Плахотнюкни 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. NewsMaker нашрининг 22 апрель кунги хабарига кўра, у банк фирибгарлиги, жиноий гуруҳ ташкил этиш ва пул ювишда айбдор деб топилган.
Плахотнюк Молдованинг учта банкидан 1 миллиард доллар ўғирланиши билан боғлиқ ишда шерикликда айбдор деб топилган. Суд ҳукмига кўра, у жазони ёпиқ турдаги жазо муассасасида ўтайди. Шунингдек, ундан давлат фойдасига 60 миллион доллар ундириш белгиланган, бу миқдор етказилган зарар, жумладан уч банк фаолияти оқибатларини ҳам ўз ичига олади.
Прокурорлар аввал Плахотнюкка 25 йиллик қамоқ жазоси сўраган эди. Унинг ўзи эса айбини тан олмаган. Ҳимоя томони ҳукм устидан шикоят қилишини билдирган ва суд жараёни кўплаб қонунбузилишлар билан ўтганини айтган. Суд ҳукми устидан 15 кун ичида Апелляция судига шикоят бериш мумкин.
Владимир Плахотнюк 21 июль куни Афина аэропортида Дубайга учмоқчи бўлганида қўлга олинган, бу Интерпол билдириши асосида амалга оширилган. У бир неча ойлик юридик жараёнлардан сўнг 25 сентябрь куни Молдовага экстрадиция қилингани айтилган. У “аср ўғрилиги” деб аталадиган, 2013 йили Молдова банк тизимидан 1 миллиард доллар ғойиб бўлган ишнинг асосий фигурантларидан бири ҳисобланади.
Шу иш бўйича Россияда яшириниб юрган Илан Шор ҳам 15 йилга озодликдан маҳрум қилингани қайд этилган. Тергов версиясига кўра, Плахотнюк ўғирланган маблағлардан Шор назоратидаги компаниялар орқали 39 миллион доллар ва 3,5 миллион евро олган.
ОАВ матнида яна “молдовача ландромат” деб аталган жиноий даромадларни ювиш схемаси ҳам тилга олинади. Унга кўра, Россия, Молдова ва Болтиқбўйи давлатлари банклари иштирок этган ушбу схема орқали Россиядан тахминан 22 миллиард доллар олиб чиқилган. Бу маблағлар Плахотнюк таъсири остида бўлган Молдова давлат тузилмалари орқали ўтгани айтилган.
Шунингдек, Европа Иттифоқи Молдова суверенитети ва мустақиллигини издан чиқариш, унга путур етказиш ёки таҳдид солишда масъул деб топилган жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар муддатини узайтирган. Бу чоралар қўлланадиган шахслар орасида Владимир Плахотнюк ҳам борлиги қайд этилган.