Жамият | 10:15
1584
2 дақиқада ўқилади

Германияда ишлашни истовчилар учун янги дастурлар ишга туширилди

Ўзбекистон ва Германия меҳнат миграцияси ҳамда касбий таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида икки йирик қўшма лойиҳани ишга туширди. Янги дастурлар ўзбекистонликларга Германияда ишлаш ва халқаро тан олинган тил сертификатларини олиш имкониятларини кенгайтиради.

Лойиҳаларга Тошкент шаҳридаги «Кўксарой» қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федератив Республикаси президенти Франк-Валтер Штайнмайер иштирокида старт берилди.

Ушбу ташаббуслардан бири Германиянинг йирик транспорт компанияси Deutsche Bahn билан ҳамкорликда амалга оширилади. Лойиҳа доирасида Германия темирйўл соҳаси учун 500 нафар мутахассис мақсадли тайёрланади. Таълимни муваффақиятли якунлаган иштирокчилар Германияда юқори маошли иш ўринларига жойлашиш имкониятига эга бўлади.

Иккинчи лойиҳа эса Ўзбекистонда TELC халқаро имтиҳон марказлари тармоғини ташкил этишни назарда тутади. Бу орқали фуқаролар Goethe сертификатлари билан бир қаторда TELC халқаро тил сертификатларини ҳам мамлакат ҳудудида олиш имкониятига эга бўлади.

Кутилишича, ҳар йили 30 мингдан ортиқ ўзбекистонлик TELC имтиҳонларини Ўзбекистоннинг ўзида топшириши мумкин бўлади. Бу эса хорижда таълим олиш ва меҳнат фаолиятини бошлаш учун тил билимини тасдиқлаш жараёнини анча енгиллаштиради.

Ҳар икки лойиҳанинг қиймати 1 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур ташаббуслар малакали кадрлар тайёрлаш, меҳнат мобиллигини ошириш ва ёшлар учун халқаро меҳнат бозорида янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид