Ўзбекистон | 20:01 / 22.06.2026
2352
2 дақиқада ўқилади

Қурғоқчил ҳаво: жазирама ҳафта фермерлар учун қандай хавфлар туғдиради?

22–28 июн кунлари ҳаво ҳарорати айрим ҳудудларда +44 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Айрим жойларда жала ёғинлар кузатилса-да, юқори ҳарорат, паст намлик ва кучли шамоллар таъсирида қишлоқ хўжалиги учун асосий хавф ҳаво қурғоқчилиги бўлиб қолади.

Ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво билан иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов таништиради.

Ўзгидромет прогнозларига кўра, 22–28 июн кунлари республика ҳудудларида бир неча кун давомида жазирама иссиқлар кузатилиши кутилмоқда. Айрим ҳудудларда қисқа муддатли жала ёғиши мумкин, аммо улар намлик танқислигини сезиларли даражада камайтира олмайди.

Мутахассисларнинг фикрича, ҳафтанинг асосий агрометеорологик хусусияти ҳаво қурғоқчилигининг кучайиши бўлади. Юқори ҳарорат, нисбий намликнинг пасайиши ва айрим жойларда кучли шамоллар таъсирида буғланиш жадаллашиб, ўсимликларда сув стресслари ортиши мумкин.

Энг юқори хавф ҳафта бошида шимолий ҳудудларда, ҳафта ўртасида жанубда, ҳафта охирига келиб эса республиканинг катта қисмида кузатилиши эҳтимол қилинмоқда. Бундай муҳит:

- пахтада шона ва гулларнинг тўкилиши хавфини ошириши,

- сабзавот ва полиз экинларида мева тугиши ҳамда ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Чорвачилик соҳасида ҳам иссиқлик стресси кучайиб, ҳайвонларнинг сувга бўлган эҳтиёжи ортиши ва маҳсулдорлик пасайиши эҳтимоли мавжуд. Мутахассислар суғориш ишларини имкони қадар кечки ва тунги соатларда амалга оширишни тавсия этмоқда.

Шокир Шарипов
Тайёрлаган Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид