Ўзбекистон | 16:00
1792
4 дақиқада ўқилади

Тошкент реновацияси: эски хатолар такрорланмаслиги учун нималар қилиш керак?

Тошкентда реновация мавзуси яна жамоатчилик муҳокамаси марказига чиқди. Бу табиий ҳолат. Чунки гап фақат бинолар, квадрат метрлар ёки қурилиш лойиҳалари ҳақида эмас. Гап одамларнинг уйи, маҳалласи, қўшнилари, фарзандлари ўқийдиган мактаб, яқиндаги боғча, поликлиника, транспорт ва йиллар давомида шаклланган кундалик ҳаёт тарзи ҳақида кетмоқда. Шунинг учун реновация ҳақидаги ҳар қандай танқидий фикрни эътиборсиз қолдириш тўғри эмас. Аксинча, бундай фикрлар жараён сифатини ошириш учун муҳим сигнал ҳисобланади.

Бироқ саволни фақат “реновация ижтимоий муҳитни бузадими?” деган хавотир билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Асосий савол реновация қандай амалга оширилса, мавжуд муҳит яна ҳам яхшиланади, хавфсизроқ, қулайроқ ва замонавийроқ яшаш муҳити пайдо бўлади, бўлса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Тўғри ташкиллаштирилган реновацияда фақат бинолар эмас, балки ҳудуднинг келгуси йилларда қандай шаклланиши ҳисобга олинади. Яъни мактаб ва боғчага талаб қанча бўлади, йўллар қандай ишлайди, жамоат транспортига чиқиш қулайми, сув, электр, канализация ва иситиш тармоқлари янги юкламани кўтара оладими, буларнинг барчаси лойиҳа босқичида кўриб чиқилади. Тошкент бўйича ҳам маҳаллий ҳамда хорижий малакали мутахассислар буларни атрофлича ўрганиб чиқишган. Шунинг учун “реновациядан кейин ҳудуд зичлашади” деган фикрнинг ўзи тўлиқ хулоса бўла олмайди. Муҳими, зичлик қандай бошқарилишида. Агар аҳоли сони ошса, унга мос равишда ижтимоий объектлар, яшил майдонлар, ички йўллар, пиёдалар йўлаклари ва транспорт боғланиши ҳам режалаштирилади.

Тошкентдаги кўплаб эски уйлар XX аср талаблари асосида қурилган. У пайтда аҳоли сони, автомобиллар миқдори, коммунал тармоқларга тушадиган босим ва хавфсизлик меъёрлари бугунгидан анча фарқ қилган. Шу боис айрим эски ҳудудларни аввалги ҳолатида сақлаб туриш ҳар доим ҳам аҳоли манфаатига хизмат қилавермайди. Айниқса, 1950–1970-йилларда қурилган уйларда муҳандислик тармоқлари чириш босқичига кирган, иситиш тизими самарасиз, том ва подваллар таъмирталаб. Бундай шароитда аҳолини эски ва хавфли уй-жой билан қолдириш эмас, уларга хавфсизроқ ва замонавийроқ шароит яратиш муҳим.

Ижтимоий муҳит масаласи ҳам бир томонлама талқин қилинмаслиги керак. Албатта, одамлар йиллар давомида яшаган маҳалласига, қўшниларига, фарзанди ўқийдиган мактаб ва боғчага боғланган бўлади. Лекин реновация бу муҳитни йўқ қилмайди, уни сақлаган ҳолда яхшилаш имкониятини беради. Шунинг учун аҳолига шу ҳудудга яқин ёки лойиҳа доирасида қуриладиган янги уйлардан хонадон таклиф этилиши кўзда тутилган.

Яшил ҳудудлар масаласи эса кутилаётган реновация жараёнининг энг муҳим устунликларидан биридир. Амалдаги талабларга кўра, ҳар бир лойиҳада ҳудуднинг камида 30 фоизи яшил майдон сифатида ажратилиши белгиланган. Бундан ташқари, қурилишнинг энига эмас, бўйига ривожланиши натижасида қўшимча очиқ майдонлар шаклланади. Ушбу ҳудудларда янги мактаблар, маҳалла шифохоналари, сайр йўлаклари, болалар майдончалари, дам олиш масканлари ва бошқа жамоат майдонларини ташкил этиш имконияти пайдо бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, реновация атрофида тилга олинаётган ижтимоий муҳит, мактаб, боғча, яшиллик ва транспортга оид масалалар янгилик эмас. Бу саволлар ҳар қандай тўғри реновация лойиҳасининг ичида олдиндан ҳисобга олинади. Шу боис жараённи хавотирлар орқали эмас, режа, ҳисоб-китоб, ҳуқуқий кафолат ва амалий натижа орқали баҳолаш керак.

Азиз Қасимов

Ўзбекистон ёш архитекторлари уюшмаси вакили

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид