Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фалажликда ўтган 4 йил ёхуд Исломов раҳбарлиги даврида суд тизими
2022 йил 10 август. Сенат Бахтиёр Исломовни Ўзбекистон Олий суди раиси этиб сайлади. Юқори мартабали амалдорнинг бу лавозимга келиши кўпларда “энди одил судловда яхши ўзгаришлар бўлади” деган умид уйғотган эди. Аммо ўтган қарийб 4 йил мобайнида судлар мустақиллиги ва одамларнинг одил судловга ишончини мустаҳкамлаш борасида айтарли иш қилинмагани аён бўлмоқда. Kun.uz Исломов даврида тизим қандай ишлагани ҳақида соҳа одамларининг фикрларини жамлади.
“Олий судгача бораман”
Ўзбекистон Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади. Қонунчиликка кўра, Олий суд ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи инстанция, апелляция ёки кассация ва тафтиш инстанцияси суди сифатида, шунингдек, янги очилган ҳолатлар бўйича кўриб чиқади. Шу боис судга иши тушган одам борки, суддан норози бўлса, “керак бўлса Олий судгача бораман”, дейди.
Ўша Олий судга эса раис раҳбарлик қилади.
2022 йил 10 августда Сенат Бахтиёр Исломовни Ўзбекистон Олий суди раиси этиб сайлади. Ортда қолган қарийб 4 йил давомида у адолат тарозиси палласини тенг тутиши лозим бўлган бу идора раислигини қанчалик уддалади? Суд ҳокимиятидаги муаммолар ечими доирасида ўзгаришлар қила билдими? Шу саволлар атрофида соҳа одамларининг фикрлари билан қизиқдик.
Қандай ваколатларга эга?
Аввало, Олий суд раиси лавозими ҳақида: бу бутун мамлакатда одил судловни амалга ошириш ва судлар мустақиллигини таъминлашда таъсирга эга бўлган лавозим ҳисобланади. Унинг ваколатлари “Судлар тўғрисида”ги қонунда аниқ белгилаб қўйилган.
Олий суд раиси ушбу идора фаолиятига ташкилий раҳбарликни амалга оширади.
Олий суд раисида ишни тафтиш тартибида кўриш зарурлиги ҳақидаги масалани ҳал этиш учун қонунда назарда тутилган тартибда суд ишларини талаб қилиб олиш, ишни тафтиш тартибида кўриш тўғрисида қонунда назарда тутилган тартибда протест киритиш, судларнинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари ижросини қонунда назарда тутилган тартибда тўхтатиб туриш, ишни бир суддан бошқа судга ўтказиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш ваколатлари бор.
Шунингдек, у Олий суд Пленуми ва Раёсатини чақиради ҳамда уларнинг мажлисларида раислик қилади. Ўз ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Олий суд аппаратининг ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ёки бекор қилиш, Судялар олий кенгаши билан келишилган ҳолда судларнинг тузилмаларига бошқарув ходимларининг умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш, буйруқлар ва фармойишлар қабул қилиш каби ваколатларга ҳам эга.
Исломов даври: фалажликда ўтган 4 йил
Бахтиёр Ислом давридаги муҳим ислоҳотлардан бири тафтиш инстанциясининг жорий этилгани бўлди. Бу қанчалик ўзини оқлагани ёки оқламагани ҳақида ҳозирча аниқ таҳлиллар йўқ. Аммо у яратган баъзи муаммолар бот-бот кўзга ташланиб туради.
Маълумот учун, биринчи инстанция судининг қарор ёки ажримидан норози тарафлар вилоят судига апелляция (кассация) тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин.
“Бу тартиб амалга ошиши билан одил судловга эришишнинг имкониятлари янада кенгайиб, аҳолининг судма-суд овора бўлиб юришига барҳам берилади” дея баланд минбарлардан айтилганди.
Аммо ундай бўлиб чиқмади. Ўртага “деярли ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган” битта ортиқча инстанция қўшилгани ва оддий одамлар учун Олий суднинг эшиклари деярли ёпилгани қолди.
Нега? Тушунтиришга ҳаракат қиламиз
Шартли “Ғаниев” ўзига чиқарилган ҳукм устидан апелляция тартибида вилоят судига шикоят киритди. Ишни Саидов, Ҳамидов ва Ортиқовдан иборат учлик апелляцияда кўриб, ажрим чиқаради.
Ғаниев бу учликнинг ажримидан ҳам норози бўлиб, энди тафтишга шикоят қилади.
Тафтиш ким дейсизми? Апелляцияни кўрган Саидов, Ҳамидов ва Ортиқов билан бир хонада ўтирадиган бошқа бир учлик – Каримов, Ҳалимов ва Набиева.
Табиийки, Ғаниев бир том остида, нари борса, қўшни хоналарда ўтириб ишлайдиган 6 ҳамкасбнинг турли саналарда чиқарган икки ажримидан рози бўлмаслиги аниқ.
Муаммо шу ерда янада мураккаблашади. Чунки эндиги босқич Олий суднинг тафтиш инстанцияси.
Аммо Исломов даврининг ёзилган ёки ёзилмаган қоидалари билан бу дарвозага катта “қулф осилди” – Ғаниевнинг туман ва вилоятдан норози бўлиб, Олий судга тафтиш тартибида йўллаган шикояти кўришга шунчаки қабул қилинмай қўйди. Аризани қўлига олган судянинг компютерида шаблон бор: “қуйи инстанция судларининг ҳукми (қарор ёки ажрими)ни Олий суднинг тафтиш инстанциясида кўриб чиқишга асослар топилмади”.
Kun.uz суҳбатлашган соҳа одамларининг айтишича, бу инстанцияга ишни кўриш учун тайинланишига эришиш шунчаки юз бермайди:
“Илтимос”, таниш-билиш, коррупция… Бу масала факатгина Олий суд раисининг розилиги билан ҳал бўладиган амалиётга айлантирилган, яъни бунинг учун дастлаб раис ўринбосари, кейин раис қабулига кириш керак, шунда ҳам масалани қабулда шартли “Ғаниев” тушунтириб, етказиб бера олишига боғлиқ бўлади. Буни замонавий ҳуқуқий давлатдан нормал ҳолат деб қабул қилиб бўлмайди”.
“Судга аралашиш бор”
Тизим вакиллари судлар фаолиятига аралашиш, одил судловга соя солиш ҳолатлари ўзгаришсиз қолганини таъкидламоқда.
“Суд мустақиллиги деярли йўқ, судялар қонунга риоя қилишдан кўра, “юқори” (назоратга олган орган ёки шахс – таҳр.)нинг ихтиёрига қарши бормасликни афзал билишмоқда. Судга аралашиш бор, буни ҳеч ким инкор этмайди. Аммо бирор судя “менинг ишимга аралашув бўляпти, деб арз қилмайди”, дейди суд тизимида ишловчи манба.
Албатта, суд фаолиятига аралашиш адолатсиз суд қарорлари чиқарилишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳар бир суд ҳужжати ортида эса бир инсон тақдири бор.
Судларда шаффофлик таъминланмади
Кўп вақтлардан буён суд процессларини аудио ва видео шаклида ёзиб боришни мажбурий қилиш ҳақида таклифлар билдириб келинади.
Халқаро тажрибада суд мажлиси баённомаси қандай ёзилаётганини тарафлар (суд процесси иштирокчилари) кўриб туради. Суд мажлиси котибининг ёзувлари онлайн вақт режимида мониторга чиқиб туриши, гапирилаётган гапларнинг барчаси баённомага муҳрлаб борилаётганига манфаатдор томонлар ишонч ҳосил қилиб туриши лозим.
Ушбу амалиёт йўқлиги боис, процессдаги вазият бир ён, котиб ёзган баён бир ён бўлиб қолмоқда. Факт шуки, баённома ҳам суд якунланиб, ҳукм (қарор) эълон қилингач судя қабул қилган қарорга мослаб қайта ёзиб қўйилади. Бу эса ҳукмлар қонунларда белгиланганидек эмас, судя ўзи истаганидек ёзилишига замин яратиб бермоқда.
Рақамлаштириш ҳам “музлади”
2025 йил учун давлат дастурида “SMART SUD” концепцияси асосида ишларни босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклда юритиш амалиётини жорий қилиш вазифаси юкланганди.
Аммо Козим Комилов даврида бошланган рақамлаштириш Исломов даврига келиб деярли бир нуқтада қотиб қолди. Буни Kun.uz суҳбатлашган манбалар қуйидагича таърифлайди:
Адвокат:
“Суд қарорларини очиқ платформага юкламаслик ҳолатлари жуда кўп. Қайсидир туман суди тартибли ва тизимли юклайди. Қайсилари эса умуман юкламайди. Ҳукм ва қарорларни ўз вақтида ололмай кўп кутишимизга, сарсон бўлишимизга сабаб бўлади”.
Судя:
“Адолат ахборот комплекслари тизими ҳам ёмон ишлайди. Масалан, телефон яхши ишламай қолади. Кўпинча интернет тезлигида муаммолар такрорланаверади. База қотиб қолаверади. Видеоконференц-алоқа воситалари ва имкониятлари кўпайтирилса, янада одамларнинг сарсон бўлишлари олди олинарди”.
Суд мажлислари ҳеч қачон ўз вақтида бошланмайди
Эски эпохадан бери сақланиб қолаётган яна бир муаммо – судлардаги кутишлар ҳақида гапиради суҳбатдошимиз.
“Эски эпоханинг классик муаммоси янги даврда ҳам барҳам топмади: суд процесслари жуда камдан кам ҳолатлардагина ўз вақтида бошланади. Аксарият пайтлар 2-3 соатлаб, бўлмаса ярим кунлаб навбат кутилади. Бир иш куни давомида суд мажлиси бошланишини кутиб, бошқа кунга қолдириб юборилган ҳолатлар ҳам бўлади”, дейди Kun.uz суҳбатлашган адвокат.
Олий судга янги раис
Сенат қарори билан Робахон Маҳмудова Олий судга раис этиб сайланди. Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева уни таништирар экан, жамиятда қонунсизлик ва коррупцияга асло ўрин қолмаслиги шартлигини таъкидлади.
“Президентимиз томонидан қайта-қайта таъкидланганидек, одамлар судга охирги умид сифатида келади. Агар инсон суддан адолат топмаса, давлатга бўлган ишончи ҳам заифлашади. Шунинг учун ҳар бир судя ўз фаолиятига нафақат ҳуқуқий, балки катта маънавий масъулият сифатида ҳам қараши шарт.
Асосий мақсадимиз – судларни янги Ўзбекистоннинг адолат қўрғони, том маънодаги ҳақиқат устунига айлантириш. Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон янги Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига ишонч ҳосил қилиши керак. Бу – президентимиз талаби”, деди Саида Мирзиёева.
Аслида, суд тизимида ечимини кутаётган масалалар талайгина. Таҳририят суҳбатлашган соҳа вакиллари Олий суднинг янги раисидан судлар мустақиллигини таъминлаш ҳамда тизимдаги камчиликларни тўла бартараф қилиш борасида ижобий ўзгаришлар кутаётганини маълум қилди.
Мавзуга оид
21:08 / 22.06.2026
Жамиятимизда қонунсизлик ва коррупцияга асло ўрин қолмаслиги шарт - Саида Мирзиёева
20:11 / 18.06.2026
Бахтиёр Исломов Олий суд раиси лавозимидан озод этилади
09:00 / 16.06.2026
Фирибгарлар суд органлари номидан СМС юбормоқда
20:43 / 08.06.2026