Ўзбекистон | 20:20
1334
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Наманган халқаро гуллар фестивалининг меҳмони бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни Наманган шаҳридаги анъанавий халқаро гуллар фестивалига ташриф буюрди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд қилинишича, фестивал муддати 2018 йилдаги 3 кундан 2025 йилда 40 кунга узайтирилгани натижасида хорижлик сайёҳлар сони 25 мингдан 800 мингга, маҳаллий туристлар эса 6,4 миллион нафарга етди.

Таъкидланишича, навбатдаги мақсад – 50 дан ортиқ давлатдан 1 миллион нафар хорижий ва 7 миллион нафар маҳаллий туристни жалб этиш, 150 дан зиёд тадбир ўтказиш ҳамда хизматлар ҳажмини 8 триллион сўмга етказиш.

Жорий йил 24 майдан 12 июлга қадар давом этадиган 65-халқаро гуллар фестивали “Гиннесснинг рекордлар китоби”га расман киритилди - 29 миллиондан зиёд гул кўчати қўлда экилди. Натижада жаҳон рекорди қайд этилди.

Наманган шаҳрининг 45 та маҳалласи гулчиликка ихтисослаштирилиб, 16 минг хонадон қамраб олинди, 21 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Ушбу хонадон томорқаларида март-апрель ойларида 4 минг 683 та иссиқхона ташкил этилиб, 120 миллион дона гул кўчати етиштирилди. Одамлар қўшимча 300 миллиард сўм даромадга эга бўлди.

Давлат раҳбари фестивал доирасида барпо этилган гул композициялари, мавзули майдонлар ва кўргазмаларни кўздан кечирди. Гулчилик билан шуғулланаётган аҳоли, тадбиркорлар, фестивал иштирокчилари ва меҳмонларни қутлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид