Жаҳон | 21:16
1847
2 дақиқада ўқилади

Россия пропагандаси Воронежга зарбани эътиборсиз қолдирди

Мудофаа заводига қилинган ҳужум оқибатида беш киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда телевизорда ҳеч нарса дейилмагани Z-блогерларнинг ҳам жаҳлини чиқарди.

Exilenova+

Телеканаллар

Россиядаги федерал каналлар Украина қуролли кучларининг Воронеж бўйлаб йўллаган ракета зарбасини эътиборсиз қолдирди. Биринчи канал, «Россия 1» ва НТВ телеканалларининг 22 ва 23 июн кунги янгиликлар дастуридан ушбу зарба ҳақида хабар ўрин олмаган. Маҳаллий расмийларнинг ҳужум ва унинг оқибатлари юзасидан расмий ҳисоботи асосий янгиликлардан олдинги анонсда ҳам тилга олинмаган, ҳолбуки украин дронларининг Москвага ҳужумлари қисқача бўлса ҳам ёритилган эди.

22 июн куни Биринчи каналнинг кундузги ва якуний янгиликларида Воронеж шаҳри номи фақат ФХХнинг ушбу шаҳарда «украин жосуси» қўлга олингани тўғрисидаги баёнотида кетган.

Z-блогерлар

Россиялик ҳарбий мавзуга ихтисослашган блогерларни федерал телеканаллар сукут сақлаши ғазаблантирди. «Бир соат вақтимни „Россия 24“ телеканалини кўришга сарфладим. Стармернинг истеъфоси, Британия давлат қарзи, акулалар, нейротармоқлар, Эрон, АҚШ, нефт, имтиҳонлар, йиғим-терим, Москвадаги жала… Воронеж бўйлаб ракета зарбаси ҳақида эса бирорта сўз айтилмади», – дея ёзади Verum Regnum телеграм-канали (68,5 минг обуначиси бор) муаллифлари.

Бошқалари 22 июн куни, Воронежга зарба берилган пайтда Москвада Иккинчи жаҳон уруши бошланганининг 85 йиллиги муносабати билан ўтказилган хотира тадбирларида иштирок этган Владимир Путин воқеа бўйича ҳеч қандай муносабат билдирмаганига эътибор қаратган. «Президентдан ҳамон расмий реакция бўлмади – катта эҳтимол билан, „ҳали папкани киритишмаган“», – дейди «Romanov Лайт» (148 минг обуначиси бор).

РФ мудофаа вазирлигига яқин ҳисобланган «Rybar» телеграм-каналb (1,5 миллион обуначиси бор) Воронеж аҳолиси вакилларини шаҳар бўйлаб зарба оқибатлари акс этган видеоларни ижтимоий тармоққа жойлагани учун танқид қилган. Канал муаллифлари зарбанинг ўзи ва унинг оқибатларига 22 июн кунги ҳисоботидан бир неча қатор ажратган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид