Ўзбекистон | 08:47
742
1 дақиқада ўқилади

Коррупцияга қарши курашда янги рақамли тизим жорий этилади

2026 йил 1 июлдан мамлакатда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида «Рақамли комплаенс» ахборот дастурий комплекси синов режимида ишга туширилади. Янги тизим давлат идоралари ўртасида маълумот алмашинувини тезлаштириш ва ички назорат жараёнларини рақамлаштириш имконини беради.

Қонунчиликка мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан «Рақамли комплаенс» ахборот дастурий комплекси синов тариқасида фаолият бошлайди.

Мазкур тизим коррупциянинг олдини олиш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган бўлиб, коррупциянинг олдини олиш кластери иштирокчилари ўртасида тезкор ахборот алмашинувини таъминлайди.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари «Рақамли комплаенс» билан интеграция қилиниб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ахборот жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имконияти яратилади.

Тизим таркибидаги E-Komplaens модулини ишга тушириш орқали эса давлат органлари ва ташкилотларидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолияти тўлиқ рақамлаштирилади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур рақамли ечим коррупцияга қарши профилактика чораларини кучайтириш, маълумотлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид