Жаҳон | 20:55 / 25.06.2026
639
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бола ҳуқуқлари халқаро рейтингида 96-ўринни эгаллади

Мамлакатда тиббиётдан ташқари соҳалардаги бола ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият хавотирли экани маълум бўлди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Нидерландиянинг KidsRights жамғармаси томонидан ҳар йили эълон қилинадиган Глобал болалар ҳуқуқлари индексида (KidsRights Index) 96-ўринни эгаллади. Бу ташкилотнинг Роттердамдаги Эрасмус университети билан ҳамкорликда тайёрлаган 2026 йилги ҳисоботидан маълум бўлмоқда.

Индекс БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига аъзо 194 мамлакатни бешта асосий тоифа бўйича баҳолайди: ҳаёт, тиббиёт, таълим, ҳимоя ва қулай муҳит. 2026 йил якунларига кўра, Ўзбекистон 0,679 балл тўплади. Мамлакатнинг 5 та тоифа бўйича кўрсаткичлари қуйидагича: ҳаёт 95-ўрин, тиббиёт 15-ўрин, таълим 101-ўрин, ҳимоя 115-ўрин ва қулай муҳит 124-ўрин. Ўзбекистон рейтингда ўтган йилга нисбатан 2 поғона пастлаган.

2026 йилда рейтинг етакчилари Люксембург (умумий 1 баллдан 0,871 балл), Исландия (0,867), Монако ва Германия (иккаласи ҳам 0,866 балл) бўлди. Юқори ўнталикка Нидерландия, Норвегия, Греция, Белгия, Словения, шунингдек, бир хил балл тўплаган Австрия ва Таиланд ҳам кирди.

Марказий Осиё давлатларига келсак, рейтингда Қозоғистон 24-ўринни эгаллади. Туркманистон 75-ўринда, Қирғизистон 82-ўринда, Тожикистон 92-ўринда.

Таққослаш учун яна бир нечта мамлакатларни келтирамиз: Хитой 81-ўринни, Россия 151-ўринни, Исроил 110-ўринни, Украина 36-ўринни, Буюк Британия 132-ўринни эгаллади. АҚШ рейтингда йўқ, чунки БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини яқинда имзолаган, аммо ратификация қилмаган.

KidsRights Index 2013 йилдан буён чоп этилади ва ҳар йили таққосланадиган статистик маълумотлар асосида бола ҳуқуқларига риоя этилишини баҳолайдиган ягона глобал рейтинг ҳисобланади. Тадқиқотдан ҳукуматлар, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва молия институтлари болалар аҳволини яхшилаш бўйича қарорлар қабул қилиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш учун қўлланма сифатида фойдаланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид