Ўзбекистон | 12:53
1594
3 дақиқада ўқилади

Президент: Энергия тежамкор қурилиш материалларига ўтиш вақти келди

Президент Шавкат Мирзиёев энергия тежамкор қурилиш материалларидан кенг фойдаланишни уй-жой қурилишидаги устувор вазифалардан бири сифатида белгилади. Давлат раҳбари Қамаши тумани тажрибасини мамлакатнинг барча ҳудудларига жорий этиш ҳамда маҳаллий материаллар асосида энергия тежамкор уй-жойлар қурилишини кенгайтириш бўйича топшириқлар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатда ҳар йили ўртача 65 мингта якка тартибдаги уй-жой қурилаётгани ва 200–250 минг хонадон таъмирланаётгани қайд этилди.

Давлат раҳбари аҳоли орасида энергия тежамкор қурилиш материалларининг афзалликлари ҳақидаги тушунчаларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Маълум қилинишича, мамлакатда хонадонларни иситиш учун иқтисодиётда истеъмол қилинаётган табиий газнинг 20 фоизи ва электр энергиясининг 11 фоизи сарфланади. Агар уйларнинг фасади ва том қисми иссиқлик сақловчи материаллар билан қопланиб, энергия тежамкор ойналар ўрнатилса, энергия сарфини 30 фоизгача камайтириш мумкин.

Йиғилишда Франция ва Буюк Британия компаниялари ишлаб чиққан янги лойиҳалаш ёндашуви асосида Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида 4 минг хонадонли «Янги Ўзбекистон» массиви қурилаётгани таъкидланди. Лойиҳада тўлиқ маҳаллий энергия тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланилмоқда. Бу эса қурилиш таннархини камида 20 фоизга арзонлаштириш, уйларни иситиш ва совитиш харажатларини эса 30 фоизгача қисқартириш имконини беради.

Президент вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига Қамаши тажрибасини ўрганиб, жорий йилдан «Янги Ўзбекистон» қиёфаси шакллантириладиган 33 та туман ва шаҳардаги кўп қаватли уй-жойларни айнан шу ёндашув асосида қуришни таъминлаш вазифасини юклади.

Шунингдек, масъулларга хонадонлар қурилиши ва таъмирида энергия тежамкор материалларга ўтиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, уларни мамлакатдаги 19 мингта қурилиш корхонасига етказиш ҳамда «яшил таъмир» дастури доирасида бериладиган имтиёзлар ҳақида ҳар бир маҳалла ва хонадонни хабардор қилиш топширилди.

Йиғилишда қурилиш материаллари экспортини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, қўшни давлатлар ҳар йили 13 миллиард долларлик қурилиш материалларини импорт қилади ва Марказий Осиё мамлакатларининг ўзига экспортни қўшимча 440 миллион долларга ошириш имконияти мавжуд.

Шу муносабат билан тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларга қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари ҳамда девелоперларни ўзаро боғлаб, Озарбойжон, Грузия, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон бозорларига чиқиш, Боку, Тбилиси, Москва, Остона ва Бишкек шаҳарларида энергия тежамкор намунавий уйлар қуриб, уларни намойиш этиш бўйича топшириқлар берилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид