Жаҳон | 11:50
3004
10 дақиқада ўқилади

Эроннинг “юраги” – Харг ороли форс давлати учун қанчалик муҳим?

Феврал ойи охирида АҚШ ва Исроил Эронга ракета зарбалари бера бошлагач, Араб кўрфази шимолида жойлашган Харг ороли энг кўп тилга олинган объектлардан бири бўлди. Ҳатто Трампнинг ўзи ҳам бу оролнинг “кулини кўкка совуриш” билан таҳдид қилди. Бу бежизга эмас. Эрон нефти экспорт қилинадиган асосий порт ва терминаллар айнан Харг оролида жойлашган.

1984 йилда АҚШ Марказий разведка бошқармаси Харг оролини “Эроннинг асосий объекти” деб атаган эди. Хўш, Араб кўрфазида жойлашган бу орол Эрон учун қанчалик муҳим?

2026 йил 28 феврал куни АҚШ ва Исроил Эронга ракета зарбалари бера бошлади. Оқибатда Араб кўрфазидан Ҳинд океанига чиқадиган Ҳўрмуз бўғози ёпилиб қолди ва бу жаҳон бозорида нефт нархининг қимматлашишига сабаб бўлди.

Орадан 40 кун ўтгач, 8 апрел куни томонлар икки ҳафталик сулҳни имзолади. Шундан сўнг авиазарбалар қисман тўхтади. Бироқ Ҳўрмуз бўғози ёпиқлигича қолди.

Кейин АҚШ Эрон портларини блокада қилишни бошлади. Бу орада Ҳурмуз бўғозини очганини эълон қилган Эрон уни яна ёпиб олди. Ҳозирда бўғоз Эрон назорати остида қолмоқда ва сулҳдан сўнг Ҳуруз яна очилди.

Харг ороли қачон Эрон таркибига кирган?

Бир пайтлар форсларнинг Сосонийлар империяси таркибида бўлган Харг ороли кейинчалик Ислом дини кенг тарқалгач, араблар назоратига ўтади.

Атлантика океани қирғоқларидан Хитой чегарасигача ҳукмронлик қилган араблар Харг оролидаги порт орқали Ҳиндистон, Хитой, Ҳиндихитой, Корея яримороли ва Жанубий-Шарқий Осиёдаги бошқа мамлакатларга савдо кемалари юборади.

Ўз навбатида Осиё ва Африкадан Бағдод халифалигига келтириладиган кўплаб юклар шу орол орқали ўтади. Ўша пайтларда ундан Араб кўрфази атрофида жойлашган араб қабилалари ҳамда форслар ҳам бирдай фойдаланган.

Васко да Гама Ҳиндистон йўлини очгач, португаллар Араб кўрфазига ҳам кириб келишади ва Харг ороли улар назоратига ўтади. Кейинчалик оролни португаллардан голландлар тортиб олади ва унга Делфт деб ном беради. Голландлар бу ерда “Ост Индия” компанияси офисини очади.

Орада Харгни яна араблар эгаллаб олади. Португаллар оролга ҳужум қилади. Шу тариқа Харг бир неча марта португаллар ва араблар ўртасида талаш бўлади.

1766 йилда Эрондаги Бандар Риг шаҳрининг араб ҳокими оролга ҳужум қилади ва у ердан голландларни бутунлай қувиб юборади.

1837 йилда Харг ороли Британия томонидан босиб олинади. Бироқ маҳаллий аҳоли бош кўтаради ва инглизлар оролни тарк этади. 1856 йилда Англия-Эрон урушидан аввал Британия Харгни қайтариб олади.

1900-йиллар бошларида орол форслар назоратига ўтади ва шундан сўнг у Эрон таркибида қолади.

Эроннинг муҳим ҳудуди

1901 йилда келиб чиқиши озарбойжонлардан бўлган Қожарлар сулоласи ҳукмдори шоҳ Музаффар инглиз тадбиркори Уиля Нокс Д’Арсига Эронда нефт қидириш учун рухсат беради.

1908 йилда муҳандис Жорж Райнолдс бошчилигидаги гуруҳ биринчи нефт конини бурғилайди ва Эронда “қора олтин” қазиб олина бошланади.

1909 йилда Англия-форс нефт компанияси ташкил этилади. Кейинчалик унинг номи “Бритиш петролиум” деб қайта номланади. Иккинчи жаҳон уруши тугаши арафасида совет давлати Эрон шимолидаги нефт конларини назоратга олишга уринади. Бироқ Британия ва АҚШ босими остида бу иш содир бўлмайди.

1956 йилда Эрон ва унинг ғарблик ҳамкорлари Харг оролида нефт сақлаш омборлари ва порт терминалларини қура бошлайди. 1959 йилда Эроннинг материк қисмидан оролга узунлиги 159 км бўлган нефт қувурлари тортилади.

1960 йилда терминал расман очилади ва бу ердан танкерларга нефт ортиш бошланади. Кейинчалик оролдаги терминал кенгайтирилади ва яна бир нечта нефт қувурлари тортиб келинади.

Шу тариқа Харг ороли Эронда қазиб олинадиган нефтнинг асосий қисми юкланадиган муҳим объектга айланади.

Гарчи орол Эрон учун муҳим бўлса ҳам 1960-йилларда унинг расмий мақоми белгиланмаган, айрим қўшнилар ҳам унга эгалик даъвосини қиларди.

Ўша пайтларда Эрон Саудия Арабистони билан Араб кўрфазидаги чегара бўйича келишувга эришади. Шундан сўнг Харг ороли расман Эронга ўтади.

1969 йилда форс давлати АҚШнинг Амоко компаниясига Харг оролида терминал қуриш учун рухсат беради. 1970-йилларда Харг оролида форслар яна иккита йирик терминал барпо этади.

Натижада оролдаги терминаллар бир суткада бир неча млн баррел нефтни танкерларга юклаб бериш қувватига эга бўлади ва Харг дунёдаги нефт энг кўп юкланадиган объектга айланади.

1979 йилда Эронда давлат тўнтариши амалга оширилади. Эрон шоҳи Ризо Паҳлавий хорижга қочади. Ҳокимият оятуллоҳ Хумайний бошчилигидаги диндорларга ўтади.

Шунингдек, Эрондаги барча нефт конлари, уларни қайта ишлаш заводлари, терминаллар ва бошқа объектлар миллийлаштирилади. Ғарб компаниялари қувиб юборилади.

Шундан сўнг АҚШнинг Амоко компанияси ўз мулклари учун Эрондан товон пули талаб қилади. Ўн йилдан ортиқ давом этган баҳслардан сўнг 1990 йилда Эрон Амоко компаниясига 600 млн доллар тўлашга рози бўлади.

Бу пулнинг 540 млн доллари Араб кўрфазидаги тўртта бурғилаш платформаси ва Харг оролидаги терминал учун, 60 млн доллар эса оролдаги Амоко компанияси қурган нефт-кимё мажмуаси учун тўлаб берилади.

1980-1988 йиллар оралиғида Эрон-Ироқ уруши бўлиб ўтади. Ана шу урушда Ироқ авиацияси Харг оролидаги терминалларни бомбардимон қилади ва уларга жиддий зарар етказади. Эрон терминалларни уруш тугаганидан сўнг бир неча йил давомида таъмирлашга мажбур бўлади.

21-асрга келиб Эрон экспорт қилаётган нефтнинг асосий қисмини Харг оролидаги терминаллардан юклай бошлайди. Жумладан, 2010 йилларда Эрон Харг оролидаги терминаллар орқали кунига бир неча млн баррел нефт экспорт қилади.

АҚШ Харг оролига ҳужум қилса нима бўлади?

Эронга ракета зарбалари бериш бошланганидан сўнг АҚШ президенти кўп марта турли гаплар билан форс давлатига дўқ урди. Ана шу пўписалар орасида Араб кўрфази шимолида жойлашган Харг оролининг кулини кўкка совуриш ҳақидаги гаплар ҳам бор эди.

Эрон томони Трампнинг дўқ-пўписаларини писанд қилмади. Бироқ таҳлилчиларга кўра АҚШ Харг оролидаги инфратузилмаларни вайрон қилса, бунинг оқибати нафақат Эрон, балки форслар нефт экспорт қиладиган давлатлар учун ёмон асорат қолдиради.

Бунда Эрон нефт экспорт қиладиган асосий портлар ва терминаллардан айрилади ва уларни тузатиш учун йиллар керак бўлади.

Шунингдек, АҚШнинг Харг оролига ҳужуми Эрондан нефт харид қиладиган мамлакатларда ёқилғи инқирозини юзага келтириши мумкин.

Яқингача АҚШга рақобатчи бўлган давлатларга асосан учта мамлакат – Россия, Эрон ва Венесуэла нефт сотарди. АҚШ жорий йил январда Венесуэлада махсус амалиёт ўтказди, мамлакат президенти Николас Мадурони қўлга олиб, уни рафиқаси билан бирга Қўшма Штатларга келтирди.

Венесуэлада ҳокимият вице-президент Делси Родригезга ўтди ва у АҚШ билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди. Шундан сўнг Венесуэла фақат АҚШ рухсат берган давлатларга нефт сотяпти. Рухсат берилмаган давлатларга нефт экспорти тўхтатилди. Венесуэланинг Кубага нефт бермай қўйиши бунга мисол бўла олади.

Энди Россияга келадиган бўлсак, вазият Украинага бостириб киришдан олдинги ҳолатдан тамоман фарқ қилади. Уруш бошланганидан сўнг Россиянинг нефт экспорти анча қисқарди. Ана шундай вазиятда Хитой каби давлатлар асосан Эрон нефтини харид қилишга ўтди.

Агар АҚШ Харгдаги нефт терминалларини вайрон қилса, биринчи навбатда Хитой ёқилғи тақчиллигига дуч келиши мумкин. Чунки аҳолиси 1,4 миллиарддан ошган давлатда ёқилғига бўлган талаб жуда катта ва Хитой нефтнинг асосий қисмини Эрондан харид қилади.

Қолаверса, Харг оролидаги нефт экспорт қилувчи инфратузилмалар вайрон қилинса, Эрон ҳам бунга жавобан Араб кўрфазидаги давлатларга ракета ва дронлар билан ҳужум қилиши ва оқибатда минтақадаги вазият батамом издан чиқиб кетиши мумкин.

Шу сабабли ҳам барча салбий оқибатлар инобатга олинди шекилли, АҚШ Харг оролига зарба бермади. Эрон эса оролдаги портлар ва терминаллар орқали нефт экспорт қилишда давом этмоқда. Ҳарҳолда Хитой Эрондан харид қилинган нефтни Араб кўрфазидан олиб чиқиб кетмоқда.

Ҳўрмуз бўғозидаги сўнгги воқеалар

Ҳўрмуз бўғози атрофидаги вазият май ойи ўрталарига келиб бироз жиддийлашди. 13 май куни Уммон қирғоқлари яқинидаги сувларда Африкадан БААга чорва моллари олиб келаётган Ҳиндистон юк кемаси чўктирилди.

Ҳиндистон ҳужумни қоралади ва экипажнинг барча 14 нафар аъзоси Ўмон қирғоқ қўриқлаш хизмати томонидан қутқарилганини маълум қилди.

14 май куни БААнинг Фужайра порти яқинида лангар ташлаган кема Эрон ҳарбийлари томонидан назоратга олингани хабар берилди. Ўша пайтда Хитойда бўлиб турган Доналд Трамп бу хабар бўйича ўз муносабатини билдирди ва Теҳронга нисбатан сабр-тоқати тугаб бораётганини айтди.

“Менинг ортиқча сабр қилиш ниятим йўқ. Улар келишувга эришишлари керак”, деди Трамп Хитойда берган интервюсида.

Ҳозирда Ҳўрмуз бўғозидан Эроннинг шартларини қабул қилган мамлакатларнинг кемалари ўтиб қайтмоқда. Аввалроқ АҚШ Эрон портларини блокада қилганини эълон қилганди, бироқ бу наф бермади ва Хитой кемалари бу жойдан ўтиб қайтишда давом этди. Ҳозирда АҚШ Эрон портларини блокада қилишни тўхтатган. Эрон ҳам Ҳурмуз бўғозини очган.

Маълумотларга кўра, май ойида Эрон қўшни Ўмон билан Ҳўрмуз бўғозини биргаликда назорат қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид