Иқтисодиёт | 12:23
1166
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 425 та ташкилот жамоат аҳамиятига молик деб топилди

Korzinka, Uzum, Click, Payme, Artel, Akfa, Coca Cola ва Pepsi каби брендлар остида фаолият юритувчи кўплаб йирик компаниялар Ўзбекистонда жамоат аҳамиятига молик ташкилотлар реестрига киритилди. Реестрдаги жами 425 та ташкилот 2027 йилдан бошлаб МҲХСга ўтиши ва 2028 йил якунига кўра молиявий ҳисоботини аудит хулосаси билан бирга очиқ эълон қилиши талаб этилади.

Ўзбекистонда илк марта Жамоат аҳамиятига молик ташкилотлар (Public interest entities) реестри эълон қилинди.

Реестр бўйича махсус ваколатли орган – Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабарига кўра, 425 та ташкилот жамоат аҳамиятига молик деб топилган.

Қонунчиликка кўра, “жамоат аҳамиятига молик ташкилот” деганда – қимматли қоғозлари оммавий савдога чиқарилган компаниялар, банклар ва қатор молия ташкилотлари, шунингдек, кетма-кет икки йил давомида активларининг баланс қиймати ва йиллик соф тушуми БҲМнинг 1 млн баравари (412 млрд сўм) ёки ундан ортиқни ташкил этган ҳамда ходимларининг ўртача йиллик сони камида 500 нафар бўлган ташкилотлар тушунилади.

Эълон қилинган реестрда Korzinka, Uzum, Click, Payme, Paynet, Artel, Akfa, Alutex, Hydrolife каби брендларга эгалик қилувчи йирик хусусий компанияларни кўриш мумкин.

Саноат корхоналаридан Coca Cola ва Pepsi ишлаб чиқарувчилари, автосаноатдаги ADM Jizzakh ва Самарқанд автомобил заводи, фармацевтикада Meros Pharm, Grand Pharm ва Nika Farm, транспорт соҳасидан My Freighter, ёқилғи-энергетика соҳасидан Sanoat Energetika Guruhi ва UNG Petro, қурилиш секторидан Discover Invest Global, Koc Construction ва To‘palang HPD Holding кабилар рўйхатга киритилган.

Шунингдек, Agromir, Indorama, Global Textile, Fergana Global ва Biryuza Group каби қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик корхоналари реестрдан жой олган.

Тошкентда йирик савдо объектларига эгалик қилувчи Tashkent Trade Center ҳамда Darvoza Savdo ҳам жамоат аҳамиятига молик компаниялар дея эътироф этилган.

Жорий йилда реестрга киритилган жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар 2027 йил 1 январдан бошлаб молиявий ҳисоботнинг халқаро стандарти (МҲХС) асосида бухгалтерия ҳисоби юритиши, 2028 йил якунига кўра молиявий ҳисоботларни МҲХСга мувофиқ тузиши ва аудиторлик хулосалари билан бирга эълон қилиши керак. Қонунчиликда МҲХСга ўтишининг эртароқ муддатлари назарда тутилган юридик шахслар бундан мустасно.

Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар реестрига кирган ташкилотлар умумий сони жорий йилнинг июн ойида жами 425 тани ташкил этиб, мезонлар бўйича қуйидагиларни ташкил этади:

  • листингга киритилган ва оммавий савдолардаги (Publicly Traded Entity) ташкилотлар – 96 та;

  • тижорат банклари, микромолия банклари, микромолия ташкилотлари, факторинг ташкилотлари, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари ва кафолатлар бериш ташкилотлари, тўлов тизими операторлари, тўлов ташкилотлари – 226 та;

  • инвестиция фондлари ва биржалар – 14 та;

  • устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ҳамда активлари ва соф тушумига қўйилган талабларга тўғри келадиган давлат иштирокидаги корхоналар – 44 та;

  • кетма-кет охирги 2 календар йил давомида активлари ва соф тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 млн баравари ва ундан ортиқ бўлган ҳамда ходимлари сони 500 нафардан кам бўлмаган ташкилотлар – 132 та.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар реестрининг шакллантирилиши – Ўзбекистонда молиявий ҳисобот ва аудит тизимининг шаффофлиги ҳамда сифатини оширишга хизмат қилади.

“Бу – жамоатчилик ва инвесторлар манфаатларига таъсир кўрсатувчи ташкилотлар фаолияти устидан самарали мониторингни таъминлайди, корпоратив бошқарувни такомиллаштиради, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини қўллашни кенгайтиради ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширади”, – дейилади расмий ахборотда.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид