Жаҳон | 08:48
1187
3 дақиқада ўқилади

Стратегик ресурслар харитаси: қайси давлат нимани назорат қилади?

Дунё иқтисодиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган асосий фойдали қазилмалар захиралари чекланган сондаги давлатлар қўлида жамланган. Бу эса глобал таъминот занжирлари, юқори технологиялар ва геосиёсий таъсир мувозанатига бевосита таъсир кўрсатмоқда.

Visual Capitalist томонидан тайёрланган инфографикада темир рудаси, мис, никел, кобалт, уран, графит ва ноёб ер элементлари каби 18 турдаги стратегик фойдали қазилмаларнинг энг катта захираларига эга давлатлар акс эттирилган.

Маълумотлар АҚШ Геология хизмати (USGS)нинг Mineral Commodity Summaries 2026 ҳисоботи ҳамда Бутунжаҳон ядровий ассоциацияси маълумотлари асосида шакллантирилган.

Таҳлилларга кўра, айрим давлатлар маълум бир хомашё тури бўйича етакчилик қилса, Россия минерал-хомашё ресурсларининг хилма-хиллиги билан ажралиб туради.

Австралия эса беш турдаги стратегик фойдали қазилма захиралари бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллайди. Мамлакат темир рудаси захираларининг қарийб 31 фоизига эгалик қилади. Шунингдек, жаҳондаги уран захираларининг 28 фоизи ҳам Австралия ҳиссасига тўғри келади. Бу уни глобал ядровий энергетика учун муҳим ресурс базасига эга давлатлардан бирига айлантирган.



Хитой ноёб ер элементлари ва графит захиралари бўйича етакчи ҳисобланади. Бу минераллар электромобил аккумуляторлари, шамол электр станциялари, яримўтказгичлар ҳамда замонавий мудофаа технологияларини ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ноёб ер элементларининг ўрнини босувчи муқобил материаллар жуда чеклангани сабабли, улар стратегик аҳамият касб этади.

Айрим фойдали қазилмалар захиралари деярли битта мамлакатда жамланган. Жумладан:

Жанубий Африка платина гуруҳи металлари жаҳон захираларининг 83 фоизига эга;
Марокаш фосфоритлар захираларининг 69 фоизини назорат қилади;
Конго Демократик Республикаси эса дунё кобалт захираларининг 50 фоизига эгалик қилади.

Шу билан бирга, Индонезия жаҳондаги никел захираларининг 44 фоизини ўз ҳудудида жамлаган. Никел электромобиллар учун аккумуляторлар ишлаб чиқаришдаги энг муҳим хомашёлардан бири ҳисобланади.

Мутахассислар таъкидлашича, табиий ресурсларнинг бундай нотекис тақсимланиши замонавий иқтисодиётнинг минерал бойликлар географиясига қанчалик боғлиқ эканини кўрсатади. «Яшил» энергетикага ўтиш ва юқори технологияларга бўлган талаб ошиб бораётган бир шароитда стратегик конлар устидан назорат нафақат иқтисодий устунлик, балки халқаро сиёсатда муҳим таъсир воситасига ҳам айланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид