Жаҳон | 09:50
1038
3 дақиқада ўқилади

Reuters: Россияда ёнилғи муаммоси 50 дан ортиқ ҳудудга тарқалди

Россия президенти Владимир Путин мамлакатда ёнилғи тақчиллиги сақланиб қолаётганини тан олди. Унинг айтишича, Украина ҳужумлари ортидан нефтни қайта ишлаш заводлари максимал қувватда ишламоқда. Айни пайтда таҳлилчилар Россияда бензин ишлаб чиқариш ички талабнинг атиги 80 фоизини қоплаётганини билдирмоқда.

Фото: РИА Новости

28 июн куни ички бозорни ёнилғи билан таъминлаш масаласига бағишланган йиғилишда сўзга чиққан Путиннинг таъкидлашича, Украина дронларининг Россия нефт инфратузилмасига берган зарбалари оқибатида мамлакатдаги йирик нефтни қайта ишлаш заводлари максимал қувватда ишлашга мажбур бўлган.

Энергетика соҳасидаги йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этган йиғилишда Путин июль ойида асосий турдаги ёнилғи ишлаб чиқариш ҳажми июнга нисбатан кўпайишини билдирди.

Шу билан бирга, у мамлакатда бензин захираларидан фойдаланилаётганини ҳам тасдиқлади.

«Ҳозирги кунда бензин захираси ўтган йилнинг шу даврига деярли мос келади», — деди Путин.

Унинг маълум қилишича, Россияда бензин захираси ҳозирда 1,7 миллион тоннани ташкил этади. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга кам.

Россия президенти мамлакатда ёнилғи тақчиллиги мавжудлигини ҳам очиқ тан олди.

«Автомобил эгалари ва бизнес учун муаммолар сақланиб қолмоқда. Афсуски, айрим ёнилғи қуйиш шохобчаларида навбатлар бор ва керакли маркадаги бензинни ҳар доим ҳам топишнинг имкони бўлмаяпти», — деди у.

Reuters агентлиги келтирган таҳлилларга кўра, ҳозирда Россияда бензин ишлаб чиқариш ички истеъмолнинг тахминан 80 фоизинигина қоплаяпти.

Energy Intelligence таҳлилчилари фикрича, Украинанинг Россия энергетика инфратузилмасига қарши кампанияси катта зарар етказган ва мамлакат ўз тарихидаги энг оғир ёнилғи инқирози томон ҳаракатланмоқда.

The Bell нашри маълумотларига кўра, июн ойи ўрталари ҳолатига Россиянинг аксарият ҳудудларида ёнилғи таъминоти билан боғлиқ муаммолар кузатилган.

50 дан ортиқ минтақада, шунингдек, Россия назоратидаги Украина ҳудудларида хусусий автомобиллар учун ёнилғи сотишга вақтинчалик чекловлар жорий этилган.

Reuters маълумотларига кўра, май ойида Украина дронларининг нефтни қайта ишлаш заводлари ва нефт омборларига ҳужумлари кучайганидан кейин Россияда нефт қазиб олиш ҳажми сўнгги бир йилдаги энг паст даражага тушган.

Май ойи охирида эса мамлакат марказий қисмидаги деярли барча йирик нефт объектлари ҳужумлар оқибатида ишлаб чиқаришни қисқартириш ёки вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид