Ўзбекистон | 12:54
2282
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев фаол ёшлар билан учрашди

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июн – Ёшлар куни муносабати билан Олимпия шаҳарчасида ташкил этилган махсус кўргазмада мамлакатимизнинг фаол, ташаббускор ва изланувчан ёшлари билан учрашиб, уларнинг стартаплари, инновацион ишланмалари, ижтимоий ҳамда маданий-маърифий лойиҳалари билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ташриф давомида давлат раҳбари маҳалла ҳаёти, экология, муҳандислик, китобхонлик маданияти ва тадбиркорлик соҳаларида амалга оширилаётган ташаббуслар тақдимоти билан танишиб, лойиҳа муаллифлари билан мулоқот қилди.

Фарғона туманидаги Обод маҳалласи ёшлар етакчиси Исломбек Муҳаммаджонов ташкил этган “Обод таълим” ўқув маркази орқали 600 нафар ёш замонавий касблар ва хорижий тилларга ўқитилгани, халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилгани ва маҳаллада ёшлар ишсизлиги ҳамда жиноятчиликнинг бартараф этилишига эришилгани қайд этилди.

Шунингдек, “Яшил ташаббуслар” жамғармаси координатори Гулираъно Мамированинг экологик ва “яшил” инновациялар соҳасидаги лойиҳалари, рассом Одинахон Маъмуржонованинг ижодий ишлари ҳамда жисмоний имконияти чекланган болалар учун “Ўқи ва юксал” лойиҳасини амалга ошираётган Чинора Ғуломованинг ташаббуслари юксак баҳоланди. Президент ушбу йўналишлардаги лойиҳаларни тизимли қўллаб-қувватлаш бўйича масъулларга топшириқлар берди.

Кўргазманинг стартаплар майдонида Президент мактаби битирувчиси, Чикаго университети талабаси Асилбек Ашуров сунъий интеллект асосидаги Makon AI таълим платформасини тақдим қилди. Бугунги кунда мазкур стартап 100 мингдан ортиқ фойдаланувчига эга бўлиб, инвесторлардан 380 минг доллар сармоя жалб қилгани ва лойиҳа қиймати 3 миллион долларга баҳолангани маълум қилинди.

Шунингдек, дунёнинг етакчи акселераторларидан бири – Y Combinator дастурининг биринчи ўзбек иштирокчиси Сардорбек Раҳматуллоевнинг стартап соҳасидаги ютуқлари ҳам эътироф этилди. Президент юқори технологияли лойиҳаларни мамлакатда кенг жорий этиш ва ёш тадбиркорларни халқаро бозорларга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолишини таъкидлади.

Муҳандислик ва инновациялар йўналишида Турин политехника университети талабаси Билолиддин Исмоилов маҳаллий антидрон тизимларини яратиш бўйича ишлари ҳақида маълумот берди. Нукус давлат техника университети талабаси Айзада Асанованинг “Янги авлод автомобиллари” лойиҳаси эса ҳудудларда муҳандислик мактаблари салоҳияти юксалиб бораётганини намоён этди.

Учрашувда маданий-маърифий йўналишдаги ютуқлар ҳам эътироф этилди. Халқаро танловлар совриндори Нигина Фахриддинова ва ёш мусиқачи Амина Авазованинг муваффақиятлари, шунингдек, китобхонликни оммалаштиришга қаратилган “Мутолаа” рақамли платформаси фаолияти тақдим этилди. Лойиҳа раҳбари Сирожиддин Олимовнинг маълум қилишича, илова қарийб 5 миллион марта юклаб олинган бўлиб, унда ўқилган китоблар сони 18 миллиондан ошган.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби Нилуфар Эргашева эса Ўзбекистоннинг адабий харитасини яратиш ва адабий туризмни ривожлантиришга қаратилган таклифларини билдирди.

Учрашув якунида президент Шавкат Мирзиёев ёшлар томонидан илгари сурилган истиқболли ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, уларни амалиётга кенг жорий этиш бўйича тегишли вазифаларни белгилаб берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид