Тақдимотда жиноятчиликни баҳолашда рақамлар ва кўрсаткичларни таққослаш амалиётидан тўлиқ воз кечилмагани кўрсатиб ўтилди. Жамоат хавфсизлиги бўлинмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари “аҳолига хизмат кўрсатувчи тизим” тамойили асосида белгиланиши таклиф қилинди.
Бунинг учун профилактика инспекторлари, йўл-патрул, патрул-пост ва қўриқлаш хизматлари фаолиятини ўзаро уйғунлаштириш, уларнинг аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдириш, фуқаролар билан очиқ мулоқот қилиш, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан манзилли ишлаш борасидаги вазифаларини ягона тизимга бирлаштириш назарда тутилмоқда. Жумладан, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда айрим функция ва ваколатларни патруль-пост ҳамда қўриқлаш хизматларига, жамоат тартибини сақлашдаги баъзи ваколатларни эса йўл-патруль хизматига бериш кўзда тутилмоқда.

Мамлакатдаги 9 мингга яқин маҳаллада 10 мингдан ортиқ профилактика инспектори хизмат қилмоқда. Давлат раҳбари бу катта куч эканини таъкидлаб, жиноятчиликни жиловлашда, аввало, профилактика инспектори ишини тўғри ташкил қилиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Амалда профилактика инспекторига хос бўлмаган 50 га яқин қўшимча вазифа юклатилгани, айрим ҳолларда уларнинг маҳаллама-маҳалла юриб, жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш ўрнига бошқа ишлар билан банд бўлиб қолаётгани қайд этилди.
Шу муносабат билан ишлаб чиқилган “Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тўғрисида ахборот берилди. Унда профилактика инспекторининг ҳуқуқий мақоми, вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари, касбий фаолият кафолатлари, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси, рағбатлантириш ва жавобгарлик чоралари аниқ белгиланиши назарда тутилган.
Қонун лойиҳасига кўра, профилактика инспекторининг устувор мақсади аҳоли ишончининг юқори даражасига эришиш ва хизмат ҳудудида жиноятчиликни жиловлашдан иборат бўлади. У хизмат ҳудудида терговга қадар текширув ва профилактикани амалга оширувчи мансабдор шахс ҳисобланади.

Профилактика инспекторига фақат қонун билан белгиланган вазифалар юкланади. Унинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлади.
Лойиҳага кўра, профилактика инспекторининг касбий фаолиятига аралашиш, унга тааллуқли бўлмаган топшириқлар ва асоссиз юкламалар бериш тақиқланади.
















