Ўзбекистон | 18:06
2359
8 дақиқада ўқилади

Фермерни сўкаётган ҳокимлар “дух”ни қаердан оляпти?

Буғдой ўрими бошланди-ю, қишлоқ хўжалигидаги ҳуқуқсизлик яна бўй кўрсатди – мурожаат ботимизга ҳақоратланган-таҳқирланган фермерлардан аудио ва видеолар келиб тушмоқда.

Журналист Шокир Шарипов Агробизнес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромов билан суҳбатда ўша эски саволни яна ўртага ташлади: биз қачон соҳани тузук ҳолга келтирамиз? Фермерга нисбатан бундай муносабат қачонгача давом этади?

“Фермерни бригадир деб билишади”

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида фермер ҳуқуқлари, ҳосил режалари ва ҳисобот босими атрофидаги баҳслар янада долзарблашмоқда. Kun.uz соҳани яхши биладиган мутахассис Камолиддин Икромов билан фермерларнинг нега ҳали ҳам тўлақонли тадбиркор сифатида кўрилмаётгани, бу муносабат қандай механизмлар орқали сақланиб қолаётгани ва унинг ер, бозор ҳамда келажак авлодлар учун оқибатлари ҳақида суҳбатлашди.

Шокир Шарипов, журналист: Сиз соҳани ичидан биласиз. Нега фермерларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият йиллар давомида ўзгармаяпти? Бундай муносабатнинг механизми нимада?

Камолиддин Икромов, Агробизнес ассоциацияси раҳбари: Мен бу ҳақда кўп ўйлайман. Шахсий фикрим шуки, фермерларимизга нисбатан жамият томонидан ҳам, бошқарув тизими томонидан ҳам етарлича кучли қўллаб-қувватлаш шаклланмаган. Масалан, бошқа соҳалардаги муаммолар жамоатчиликда тезроқ акс-садо беради. Фермерлар масаласида эса қамров ҳам, ҳимоя ҳам кам бўлади.

Бунинг бир сабаби ер муносабатларига бориб тақалади. Аҳоли фермерни “ерни ўзига олиб қўйган” одам сифатида кўради. Иккинчи томондан, айрим раҳбарлар фермерни мустақил тадбиркор эмас, юқоридан берилган вазифани бажариши керак бўлган бригадир сифатида қабул қилади. Унга кредит берилади, у кредитни ишлатиб, ҳосилни етиштириб бериши керак, деган қараш бор. Аслида фермер тадбиркорлик субъекти. У таваккал қилади, харажат қилади, ишчи ёллайди, ерга ишлов беради, бозор ва об-ҳаво хавфини кўтаради. Уни фақат режа бажарувчи звено сифатида кўриш қишлоқ хўжалигининг ривожланишига тўсқинлик қилади.

Ш.Шарипов: Фермерни бригадир ўрнида кўриш... Етарли эмасми, 21-асрда яшаяпмиз... Деҳқон эркин бўлса, ер билан инсон ўртасида бошқача муносабат шаклланади. Ернинг ҳақиқий ғамхўри пайдо бўлади. Тупроққа нисбатан масъулият кучаяди. Келажакка ҳам бошқача қарай бошлайди.

К.Икромов: Қонунчилик нуқтаи назаридан қаралса, маҳаллий ҳокимиятлар фермерларга яхши ҳосил олиш учун зарур шароит яратиб бериши керак. Бу инфратузилма, сув, йўл, алоқа ва бошқа шароитларни ўз ичига олади. Яъни фермер яхши ҳосил олиши учун тизим унга имконият яратиши шарт. Аммо амалда ҳосил кам бўлиб қолса, бу шароитлар тўлиқ яратилмагани ҳам очилиб қолиши мумкин. Шунда айрим раҳбарлар муаммони очиқ тан олиш ўрнига, қандай қилиб бўлса ҳам ҳисоботни тўлдириш йўлини излайди. Чунки юқорига “режа бажарилди” деган рақам керак бўлади. Натижада босим пастга –фермерга тушади.

Ш.Шарипов: Приписка?

К.Икромов: Ҳа. Ҳозир фермерлар кимдир чорвасини сотиб, кимдир уйини гаровга қўйиб, ғалла ёки бошқа мажбуриятлар билан боғлиқ харажатларни ёпишга мажбур бўляпти. Бу ерда гап фақат фермернинг шахсий зарари эмас. Агар фермер ўз капиталини ҳисоботни ёпишга сарфласа, у келаси йилги ҳосил учун техника, уруғлик, ўғит ёки чорвага маблағ ажрата олмайди. Бу иқтисодий занжирнинг бошқа бўғинларига ҳам таъсир қилади. Қисқа муддатда сунъий яхши рақам кимгадир қулай кўриниши мумкин. Юқорига ҳисобот берилади, “режа бажарилди” дейилади. Лекин узоқроқ қаралса, бундан ҳамма зарар кўради. Агар статистикада ҳосил юқори кўрсатилса, давлат ҳам, бозор ҳам нотўғри маълумот асосида қарор қабул қилади. Масалан, ҳақиқатда буғдой етарли бўлмаса-ю, ҳисоботда етарлидек кўрсатилса, у чет элдан вақтида харид қилинмай қолиши мумкин. Кейин эса нарх ошганда қимматроқ сотиб олишга тўғри келади. Фермер эса ўз пулини нотўғри йўналишга сарфлайди. У пул чорвага, техникага ёки келаси мавсумга сарфланиши мумкин эди. Шу маънода бу нафақат фермернинг, балки умумий иқтисодий капиталнинг ҳам зарари.

Ш.Шарипов:  Нега тўғрисини айтишмайди?

К.Икромов: Айрим жойларда фермерлар ерга яхши қараган, зарур ишларини қилган, лекин об-ҳаво кескин келгани учун кутган ҳосилининг ярмини ҳам ололмаган ҳолатлар бор. Шамол, ёмғир, жазирама – буларнинг ҳаммаси ҳосилга таъсир қилади. Баъзи жойларда май ойида буғдой ётиб қолгани, устига ёмғир ёғиб, сифатга таъсир қилгани айтиляпти. Ҳақиқатни юқорига айтишга қўрқишади. “Биз шароит яратдик, лекин об-ҳаво сабаб ҳосил кам бўлди” деб очиқ тушунтириш ўрнига, яхши рақам бериш осонроқдек кўринади. Ўрта бўғиндаги раҳбарлар ҳам танқиддан, лавозимини йўқотишдан ёки қаттиқ гап эшитишдан қўрқади негадир. Бор нарсани айтиш керак. Агар ҳамма “юз центнердан олдик” деб рапорт берса, аммо амалда ҳосил ундай бўлмаса, кейинги ҳисоб-китоблар ҳам нотўғри бўлади. Нотўғри статистика эса кейин бозорга, нархга, давлат харидига ва фермернинг келаси йилги режасига таъсир қилади. Ўғит масаласи ҳам жиддий. Айрим фермерлар керакли пайтда ўғит ололмагани, баъзи ҳолларда ўртада турли воситачилар пайдо бўлиб, ресурсларни қимматроқ нархда сотишга урингани ҳақида гаплар бор. Натижада фермер режалаштирилган харажатдан ташқари қўшимча маблағ сарфлашга мажбур бўлади. Қишлоқ хўжалигида вақт жуда муҳим. Ўғит, сув, техника ёки бошқа ресурс ўз вақтида етиб бормаса, кейин унинг ўрнини тўлдириш қийин. Ҳосил пасайса, айб яна фермерга тушиши мумкин. Аслида эса занжирнинг қайси бўғинида муаммо бўлганини холис кўриш керак.

Ш.Шарипов: Минг марта гапирдик, яна гапиряпмиз: фермернинг ҳуқуқи, унинг ғурурини тиклаш...

К.Икромов: Фермерни шахс сифатида кўришмайди айрим раҳбарлар. У фақат буйруқ бажарувчи одам деб қабул қилинади, унинг қадр-қимматини, ташаббусини синдириш услублари бор. Айрим жойлардан кўп гапирадиган, ўз ҳақини талаб қиладиган фермерларни жамоат олдида босиб қўйиш, “шохини қайириш” каби усуллар қўлланилади. Бу нарса фермернинг фақат кайфиятига таъсир қилмайди. Бу унинг иқтисодий фаоллигига, ерга муносабатига, таваккал қилиш қобилиятига, келажакка ишончига таъсир қилади. Тадбиркорлик муҳити фақат кредит ёки имтиёз билан яратилмайди. У биринчи навбатда шахсни субъект сифатида тан олиш билан бўлади. Президент даражасида фермерлар ҳуқуқини мустаҳкамлаш ҳақида топшириқлар берилган. Аммо... Кимдир фермерларга кўпроқ эркинлик берилса, тизим издан чиқади деб қўрқитади. Кимдир эски бошқарув усулини қулай деб билади. Яна кимдир ҳисоботни тўғри кўрсатишдан кўра, ташқи кўринишда яхши рақам беришни афзал кўради.

Ш.Шарипов: Ҳар бир соҳанинг ўз ғамхўри, ўз лоббиси бўлади. Масалан, ҳаво сифати масаласида Президент администрацияси раҳбари жонбозлик кўрсатди ва нимадир ўзгара бошлади. Қишлоқ хўжалигида эса лоббий йўқ... Бу озиқ-овқат хавфсизлиги, нархлар, тупроқ унумдорлиги, қишлоқ аҳолисининг даромади ва келажак авлодлар масаласи. Мен буни жиддий айтишга мажбурман: вазиятни авария ҳолатига олиб келиш хавфи бор. Тупроқ қайта тикланиши жуда қийин бўлган ресурс. Агар биз бугун ерга нотўғри муносабат қилсак, эртага уни тиклаш осон бўлмайди.

Шокир Шарипов
Муаллиф Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид