Жамият | 09:00
5192
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Навоийда мансабдорлар пора билан ушланди

Тошкент ва Навоий вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида ердан фойдаланиш учун рухсатнома расмийлаштириш ҳамда ишга жойлаштириш эвазига пора олган мансабдор шахслар қўлга олинди. Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан коррупцияга қарши курашиш доирасида Тошкент ва Навоий вилоятларида тезкор тадбирлар ўтказилди.

Маълум қилинишича, Тошкент вилоятида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг туман бўлимларидан бири инспектори фуқарога давлат захирасидаги 20 гектар ер майдонидан табиий чимни кўчириб олиш ҳуқуқини берувчи сертификат ҳамда уни ташиш учун декларация ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 2200 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширувда инспектор ушбу маблағнинг 200 АҚШ долларини ўзида қолдириб, қолган 2 минг АҚШ долларини туман бўлими бошлиғига беришни режалаштиргани аниқланган. Кейинги тезкор тадбирда бўлим бошлиғи ҳам мазкур пул маблағини олган вақтида қўлга олинган.

Навоий вилоятида эса ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда «Навоий сув таъминоти» АЖнинг туман бўлимларидан бири машинисти маҳаллий фуқарони танишлари орқали оператор лавозимига ишга жойлаштириб бериш эвазига 500 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Тезкор тадбир давомида ушбу пул маблағини қабул қилган, муқаддам судланган бош муҳандис ҳам қўлга олинган. Шунингдек, ноқонуний ҳолатга туман бўлими бошлиғининг ҳам алоқадорлиги аниқланиб, ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид