Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина НАТОга: Биз фақат ёрдам олувчи эмасмиз
Украина Анқарада бўлиб ўтадиган НАТО саммити якуний декларациясида мамлакатнинг евроатлантик хавфсизликка қўшаётган ҳиссаси расман эътироф этилишини истамоқда. Киев ўзини энди фақат ҳарбий ёрдам олувчи эмас, балки алянс хавфсизлигига ҳисса қўшаётган ҳамкор давлат сифатида кўришни сўрамоқда.
Бу ҳақда Брюсселда журналистлар учун ўтказилган ёпиқ брифингда Украинанинг НАТОдаги миссияси раҳбари Алена Гетманчук маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Киев учун сиёсий жиҳатдан Украинанинг НАТО хавфсизлигига ҳисса қўшувчи давлат сифатида тан олиниши жуда муҳим ҳисобланади.
«Биз Украина фақат ёрдам олувчи эмас, балки хавфсизликни таъминлашга ҳисса қўшаётган давлат сифатида эътироф этилишини истаймиз», деди дипломат.
Гетманчукнинг сўзларига кўра, Анқарадаги саммит Украина тўлақонли равишда янги мақомда иштирок этадиган биринчи НАТО саммити бўлади. Шу боис Киев якуний декларацияда мазкур ўзгариш ўз аксини топишини кутмоқда.
Унинг қайд этишича, кейинги йилларда Украина билан НАТО ўртасидаги ҳамкорлик мазмунан ўзгарган. Илгари муносабатларнинг асосини ғарб давлатларининг ҳарбий ёрдами ташкил этган бўлса, эндиликда Украинанинг алянс билан амалий интеграцияси ва украиналик ҳарбийларнинг НАТО хавфсизлигига қўшаётган ҳиссаси тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бунга мисол сифатида у НАТО–Украина қўшма таҳлил, тайёргарлик ва таълим маркази (JATEC) фаолиятини, украиналик ҳарбийларнинг НАТО шартномасининг 5-моддаси сценарийлари асосида ўтказилаётган машғулотларда иштирок этаётганини, қўшинлар ўртасидаги мувофиқлик даражаси ошиб бораётганини ҳамда Украина компанияларининг НАТОнинг дастурлари ва харидларига жалб этилаётганини келтирди.
Шунингдек, алянс тузилмаларида фаолият юритаётган украиналик мутахассислар сони ҳам босқичма-босқич кўпайиб бораётгани таъкидланди.
Украина томони ҳамкор давлатларни мамлакат мудофаа саноатини узоқ муддатли қўллаб-қувватлашга чақирди. Гетманчукнинг айтишича, Киевга эндиликда фақат тайёр қурол-яроғ етказиб бериш эмас, балки мудофаа саноати ишлаб чиқаришини ўрта ва узоқ муддатли режалаштириш имконини берувчи барқарор молиявий мажбуриятлар ҳам зарур.
НАТОнинг навбатдаги саммити 7–8 июл кунлари Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтади. Унда алянсга аъзо давлатларнинг мудофаа харажатларини ошириш, Европанинг ўз хавфсизлиги учун масъулиятини кучайтириш ҳамда Украинага кўрсатилаётган ёрдамни давом эттириш асосий мавзулардан бири бўлади.
НАТО бош котиби Марк Рютте аввалроқ Украинага кўмакни давом эттириш алянснинг ўзи хавфсизлигини ҳам мустаҳкамлашини таъкидлаган эди.