Технология | 08:52
2711
3 дақиқада ўқилади

Қадимги Римда йўллар учта оддий асбоб ёрдамида қурилган

Қадимги Рим муҳандислари Европа, Шимолий Африка ва Яқин Шарқ бўйлаб минглаб километрга чўзилган йўллар тармоғини барпо этган. Уларнинг айрим қисми икки минг йил ўтганига қарамай ҳали ҳам деярли мукаммал тўғри чизиқ шаклини сақлаб келмоқда. Тарихчиларнинг таъкидлашича, бунга махсус геодезик асбоблар ва аниқ ўлчов усуллари асосий омил бўлган.

Фото: AP

Live Science нашри маълумотига кўра, римлик ер ўлчовчиларнинг энг муҳим асбоби грома деб аталган қурилма бўлган. У тепасида крестсимон қисми жойлашган тик устундан иборат бўлиб, унинг ҳар бир учидан юкча боғланган отвеслар осилиб турган.

Мазкур асбоб муҳандисларга ерда аниқ тўғри бурчаклар ҳосил қилиш ва узоқ масофаларга мутлақо тўғри йўналиш белгилаш имконини берган. Иш жараёнида бир мутахассис громадаги отвеслар орқали масофага қараб турган, бошқа ишчилар эса белгиларни улар бир чизиққа тушгунча силжитиб борган.

Римликлар бошқа вазифалар учун ҳам махсус асбоблардан фойдаланган. Улардан бири хоробат бўлиб, у тахминан олти метрли ёғоч мослама ва отвеслардан ташкил топган. Бу қурилма замонавий нивелир вазифасини бажариб, ернинг нишаблигини аниқлашда хизмат қилган.

Яна бир асбоб — диоптра эса айлана шаклидаги асос ва нишонга олиш трубасидан иборат бўлиб, узоқдаги нуқталарни юқори аниқликда белгилаш имконини берган.

Айнан шу асбоблар ёрдамида Италиядаги 500 километрдан ортиқ масофага чўзилган машҳур Аппий йўли ҳамда Англиядаги 92 километрлик Стейн-стрит каби йўллар қурилган.

Бироқ тарихчилар таъкидлашича, Рим империясида йўл қурилиши учун ягона стандарт мавжуд бўлмаган. Йўллар фақат релеф имкон берган жойларда тўғри чизиқ бўйлаб қурилган.

Мураккаб тоғли ҳудудларда муҳандислар тик қияликларни айланиб ўтиш, дарёлардан қулай кечув топиш ёки йўлни мавжуд аҳоли пунктлари билан боғлаш мақсадида йўналишни ўзгартирган. Айниқса, ғилдиракли аравалар кескин кўтарилишлардан ўта олмагани учун бундай жойларда йўллар эгри-бугри тарзда қурилган.

Қурилиш ишларида римлик аскарлар, қуллар, ҳарбий асирлар ҳамда маҳаллий аҳоли меҳнат мажбурияти асосида иштирок этган. Кўприклар каби мураккаб иншоотлар учун эса тажрибали ёлланма усталар жалб қилинган.

Яқинда амалга оширилган картографик лойиҳа орқали олимлар Қадимги Римнинг тахминан 300 минг километрлик йўл тармоғини қайта тиклашга муваффақ бўлди.

Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, римликлар ўз даври учун мисли кўрилмаган муҳандислик ечимларини қўллаган бўлса-да, улар қурган йўллар замонавий автомагистраллардан фарқ қилади. Чунки ўша даврда юқори тезликда ҳаракатланадиган моторли транспорт мавжуд бўлмагани сабабли бурилишларни текислаш ёки катта тезликка мос инфратузилма яратишга эҳтиёж бўлмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид