Ўзбекистон | 13:15
4638
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон йўлларидаги юзлаб камералар интернетда очиқ қолдирилган — TechCrunch

Киберхавфсизлик нуқсони туфайли Ўзбекистондаги йўл ҳодисалари, инсонлар юзи ва автомобиль рақамларини кузатиш тизимининг юзлаб камералари интернетда очиқ қолдирилган. Тизим Хитой компаниясига тегишли бўлган ва ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти томонидан бошқарилгани айтилмоқда. Киберхавфсизлик тадқиқотчилари ИИВ, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва Киберхавфсизлик марказига огоҳлантириш юборган, лекин масъуллар жавоб бермаган.

Тошкентдаги очиқ камералардан олинган тасвир / Фото: TechCrunch томонидан таҳрирланган скриншот

Ўзбекистон бўйлаб йўллар бўйида жойлашган юқори аниқликдаги камералар тармоғи — тахминан юзлаб қурилмалар интернетда очиқ ҳолда қолдирилган. Ушбу хавфсизлик нуқсони – киберхавфсизлик бўйича тадқиқотчи Анураг Сен томонидан аниқланди, деб ёзмоқда АҚШнинг TechCrunch нашри.

Маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг давлат рақамларини кузатиш тизими интернетда паролсиз очиқ бўлган ва бу исталган одамга ундаги маълумотларга кириш имконини берган. Тизим қанчадан бери очиқ бўлгани номаълум, бироқ маълумотлар базаси 2024 йил сентябрда яратилган ва йўл ҳаракатини мониторинг қилиш 2025 йил ўрталарида бошланганини кўрсатмоқда.

«Бу очиқлик миллий даражадаги давлат рақамини кузатиш тизимлари қандай ишлашини, қандай маълумотлар тўплашини ва бутун мамлакат бўйлаб миллионлаб одамларнинг ҳаракатини қандай кузатиш мумкинлигини камдан-кам учрайдиган даражада кўрсатиб берди», деб ёзади нашр. Шунингдек бу ҳодиса – оммавий кузатув билан боғлиқ хавфсизлик ва махфийлик хатарларини ҳам очиб берди.

Анураг Сеннинг айтишича, Ўзбекистоннинг очиқ қолган ушбу тизимини у декабрь ойининг бошида аниқлаган ва тафсилотларни TechCrunch билан бўлишган.

Тошкентдаги очиқ камералардан олинган тасвир / Фото: TechCrunch томонидан таҳрирланган скриншот

Унинг айтишича, тизим базасида камералар жойлашган реал координаталар, миллионлаб суратлар ва ўтаётган транспорт воситаларининг хом видео ёзувлари мавжуд.

Ўзбекистон фойдаланаётган тизим Хитой компаниясига тегишли

Очиқ қолдирилган кузатув тизими ўзини – интернетга уланган транспорт технологиялари, чегара назорати тизимлари ва кузатув маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи Maxvision компаниясининг «ақлли транспорт бошқарув тизими» деб атайди. У Хитойнинг Шенчжен шаҳрида жойлашган.

LinkedInʼдаги видеода компания камералар «бутун ноқонуний жараённи» қайд этиши ва «ноқонуний ҳамда ўтаётган маълумотларни реал вақт режимида кўрсатиши» мумкинлигини айтган.

Расмий маълумотга кўра, Maxvision ўзининг хавфсизлик ва кузатув технологияларини Буркина-Фасо, Кувайт, Уммон, Мексика, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон каби давлатларга экспорт қилади.

Қандай маълумотлар очиқ бўлган?

TechCrunch тизим ичидаги маълумотларни таҳлил қилиб, йирик шаҳарларда, муҳим чорраҳаларда ва асосий транзит йўналишларда жойлашган камида юзта камерани аниқлади.

Камераларнинг GPS координаталари асосида пойтахт Тошкентда, Жиззах ва Қарши шаҳарларида, Наманганда камералар кластерлари борлиги аниқланди. Очиқ бўлган баъзи камералар қишлоқ ҳудудларида, хусусан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги илгари баҳсли бўлган чегара яқинидаги йўлларда ҳам жойлашган.

Ўзбекистонда айрим очиқ камераларнинг жойлашуви . / Фото: TechCrunch

«Мамлакатнинг энг йирик шаҳри Тошкентда камералар ўнлаб нуқталарда жойлашган. Баъзилари ҳатто Google Street View’да ҳам кўринади.

Очиқ тизимга веб-интерфейс орқали кириш мумкин, унда операторлар қоидабузарликларни кўриши мумкин бўлган бошқарув панели мавжуд. Панелда қоидабузарликларнинг яқинлаштирилган суратлари, хом видео ёзувлар ва атрофдаги бошқа транспорт воситалари ҳам кўрсатилади. Ўзбекистоннинг миллий давлат рақамини ўқиш тизимининг очиқ қолиши йўл кузатув камераларига оид хавфсизлик нуқсонларининг навбатдаги мисолидир», деб ёзган нашр.

TechCrunch’нинг ёзишича, Ўзбекистон бўйлаб юқори аниқликдаги йўл бўйидаги камералар тармоғи автомобилларнинг давлат рақамларини ва ичидаги одамларни доимий равишда сканерлаб боради. Улар баъзан кунига минглаб марта йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлайди.

Тошкентдаги очиқ камералардан олинган тасвир, TechCrunch томонидан таҳрирланган скриншот

Журналистлар ҳатто, тизимдаги энг кўп кузатилган автомобиллардан бирини аниқлаган. Тизим операторлари томонидан 6 ой давомида кузатилган ҳайдовчи «ҳафтасига бир неча марта Чирчиқ шаҳридан Тошкент орқали яқин Эшонгузар посёлкасига бориб-келган». У қандай машинада бўлгани ёзилмаган.

Масъуллар огоҳлантиришга эътибор қилмагани айтилмоқда

Тизим Тошкентда жойлашган Ички ишлар вазирлигининг Жамоат хавфсизлиги департаменти томонидан бошқарилади. Бироқ вазирлик декабрь ойида изоҳ сўралган сўровларимизга жавоб бермади, дейди нашр.

Бундан ташқари, журналистлар Вашингтон ва Нью-Йоркда жойлашган Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарига ҳам сўров юборган. Лекин улар ҳам сўровга жавоб бермаган.

Шунингдек, нашр Ўзбекистон Киберхавфсизлик маркази ДУК ҳузуридаги «Киберхавфсизлик ҳодисаларига чора кўриш хизмати – UZCERT’га ҳам огоҳлантириш юборган. Лекин, почта орқали келган огоҳлантиришга улар фақат автоматик жавоб қайтарган. «Ёзилаётган пайтда ҳам тизим интернетга очиқ ҳолда қолмоқда», дейди нашр.

Тошкент ва Қарши шаҳарларида жойлашган, очиқ доступдаги камералар / Фото: TechCrunch

Kun.uz халқаро нашрда даъво қилинган киберхавфсизлик нуқсонлари ва юборилган огоҳлантиришлар борасида тегишли ташкилотлар: Ички ишлар, Ташқи ишлар ва Рақамли технологиялар вазирлигига, шунингдек "Киберхавфсизлик маркази" ДУКка сўров юборди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид