Жаҳон | 17:42
1441
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистоннинг бош масжиди Назарбоев шарафига «Нурсултон» номини олди

Мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан қурилиши бошланган Остонадаги бош масжид 2022 йил август ойида очилган эди.

Фото: muftyat.kz

Қозоғистоннинг Остона шаҳрида жойлашган Республика бош масжидига расман «Нурсултон масжиди» деган янги ном берилди. Бу ҳақда Қозоғистон мусулмонлари идораси хабар қилди.

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан қурилиши бошланган Остонадаги бош масжид 2022 йил август ойида очилган эди. Бу Қозоғистон ва Марказий Осиёдаги энг йирик масжиддир. Унинг асосий ибодат зали 30 минг кишига мўлжалланган бўлиб, туташ ҳудуд билан биргаликда мажмуа бир вақтнинг ўзида 120 минггача зиёратчини қабул қилиши мумкин. Тўртта миноранинг баландлиги 130 метрга, асосий гумбази эса деярли 90 метрга етади.

Масжид очилишида сўзга чиққан Назарбоев 2019 йил март ойида президентлик ваколати тугашидан бир кун олдин масжидга тамал тоши қўйганини эслатди.

Қозоғистон мусулмонлари идораси 6 июль - Нурсултон Назарбоевнинг туғилган кунига тўғри келадиган пойтахт куни арафасида масжиднинг номини ўзгартирганини эълон қилди. 2026 йилда Қозоғистоннинг биринчи президенти 86 ёшга тўлди.

2022 йил январь воқеаларидан олдин Қозоғистонда биринчи президентнинг туғилган куни кенг нишонланган ва Нурсултон Назарбоевнинг ўзи мамлакат ҳаётидаги асосий шахслардан бири бўлиб қолаётган эди.

Бироқ январдаги тартибсизликлардан сўнг Назарбоев барча лавозимларини йўқотиб, Қозоғистоннинг ички ва ташқи сиёсатида деярли иштирок этмай қўйди. 2023 йил бошида у кафолатлар ва имтиёзлардан, шунингдек, барча фахрий мақомлардан, жумладан, «Элбоши» мақомидан маҳрум этилди. Унинг оила аъзолари ва яқин кишиларидан бир қанчаси жиноий жавобгарликка тортилди, бошқалари давлат лавозимларидан маҳрум этилди. 2019 йилда Назарбоев шарафига Нур-Султон деб ўзгартирилган мамлакат пойтахтига аввалги Остона номи қайтарилди.

Ўтган йили Назарбоев 85 йиллик юбилейини нишонлади, бироқ мамлакатда бу муносабат билан ҳеч қандай расмий тадбирлар ўтказилмади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид