Ўзбекистон | 08:58
2014
2 дақиқада ўқилади

«Сурхон» давлат қўриқхонасида илк бор жайронлар кузатилди

1986 йилда ташкил этилган «Сурхон» давлат қўриқхонаси тарихида илк бор жайронлар қайд этилди. Мутахассислар буни ҳудудда яратилган қулай табиий муҳит ва биоxилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар самараси сифатида баҳоламоқда.

Фото: Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилишича, «Сурхон» давлат қўриқхонаси ҳудудида илк бор жайронлар тасвирга олинди.

Маълум қилинишича, қўриқхона ташкил этилган 1986 йилдан буён биринчи марта мазкур ҳудудда жайронлар кузатилмоқда. Қайд этилишича, қўриқхонада яратилган қулай шароитлар туфайли Туркманистон ҳудудидан 10 бош жайрон кўчиб ўтган.

Жайрон сони йилдан-йилга камайиб бораётган, муҳофазага муҳтож ҳайвон турларидан бири ҳисобланади. У Ўзбекистон Қизил китоби ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN)нинг Қизил рўйхатига киритилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ХХ асрнинг биринчи ярмигача жайронлар Ўзбекистоннинг қум саҳролари ва тоғолди адирларида кенг тарқалган. Бугунги кунда эса улар фақат айрим табиий ҳудудларда сақланиб қолган.

Жайрон танасининг узунлиги ўртача 110–115 сантиметр, вазни эса 25–30 килограммни ташкил этади. Эркакларининг қорамтир рангли, лира шаклидаги шохлари бўлади, урғочилари эса шохсиз бўлади. Думининг қора тусда экани сабабли у халқ орасида «қорақуйруқ» номи билан ҳам танилган.

Ҳозирда жайронлар Ўзбекистоннинг Устюрт ясси текислиги, Қизилқум, Қарши чўли ҳамда Сурхондарё вилоятининг айрим ҳудудларида учрайди. Улар одатда пода ёки кичик гуруҳлар бўлиб яшайди ва кенг ҳудудлар бўйлаб кўчиб юради.

Маълумот учун, «Сурхон» давлат қўриқхонаси 1986 йил 8 сентябрда Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида ташкил этилган. Қўриқхонада 200 га яқин ҳайвон тури мавжуд бўлиб, уларнинг қарийб 30 таси Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид